Ўзбекистонда ер қаъридан фойдаланиш бўйича хусусий тадбиркорлик субъектларининг лойиҳаларини тасдиқлаш тартибини такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Ҳужжат билан «Ер қаъридан фойдаланиш бўйича лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаш тартиби тўғрисида»ги низомни тасдиқлаш таклиф этилмоқда.

Янги тартиб ер қаърини геологик жиҳатдан ўрганиш ва конни ўзлаштириш лойиҳаларини тасдиқлаш, шунингдек техник-иқтисодий асосларни кўриб чиқиш ва экспертизадан ўтказишни қамраб олади.

Лойиҳага кўра, бу ишлар Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги «Ер қаъридан фойдаланиш маркази» давлат муассасаси томонидан амалга оширилади. Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси эса белгиланган масалалар бўйича хулоса беради.

Геологик жиҳатдан ўрганиш ва конни ўзлаштириш лойиҳалари ҳамда техник-иқтисодий асосларни тасдиқлаш ёки экспертизадан ўтказиш учун аризалар Ягона интерактив давлат хизматлари портали — ЯИДХП орқали топширилиши назарда тутилган.

Марказ томонидан кўрсатиладиган хизматлар шартнома асосида амалга оширилади. Шартнома бўйича хизмат ҳақи 100 фоиз олдиндан тўланади.

Шу билан бирга, ариза бериш учун БҲМнинг 50 фоизи миқдорида алоҳида йиғим ундирилиши ҳам назарда тутилган.

Лойиҳада хизматлар учун тўловлар фойдали қазилма тури ва лойиҳа йўналишига қараб фарқланиши белгиланмоқда.

Жумладан, норуда фойдали қазилмалар бўйича геологик ўрганиш лойиҳасини тасдиқлаш учун лойиҳа инвестицион қийматининг 0,06 фоизи миқдорида тўлов белгиланади. Бироқ у БҲМнинг 20 бараваридан кам ва 50 бараваридан кўп бўлмаслиги керак.

Фойдали қазилмаларнинг асосий турлари ва углеводородларни геологик ўрганиш лойиҳалари учун ҳам 0,06 фоизлик ставка таклиф қилинган, бунда энг кам тўлов БҲМнинг 70 баравари, энг кўп тўлов эса 200 баравари бўлади.

Норуда фойдали қазилмалар бўйича конни ўзлаштириш лойиҳасини тасдиқлаш ва техник-иқтисодий асосни экспертизадан ўтказиш учун лойиҳа қийматининг 0,03 фоизи ундирилиши мумкин. Бу миқдор БҲМнинг 70 бараваридан кам ва 150 бараваридан кўп бўлмаслиги белгиланмоқда.

Асосий турдаги фойдали қазилмалар ва углеводородлар бўйича эса ставка 0,03 фоизни ташкил этиб, тўлов БҲМнинг 100 бараваридан 1000 бараваригача бўлиши мумкин.