Селекторида ўтирган амалдор иш жойида аёл кишини қучоқлаган кўйи камерага тушиб қолгани турмоқни «портлатди». Бу «қаҳрамон» катта бир туманда бўлим бошлиғи экан. Аввалроқ худди шундай лавозимдаги бошқа бир мулозим ўз хонасида гиёҳванд модда истеъмол қилгани акс этган видео тарқалганди. Бугун шу ҳақида гаплашамиз. Йўқ, хабарлар тафсилотига тўхталмоқчи эмасман, шахсан менинг ким кимни қучоқлаши-ю, нима чекиши билан ишим йўқ. Шу икки эпизод мисолида бюрократик тизимдаги муаммоларга тўхталамиз.

Бюрократик портфел

Охирги кунларда яна бирор вазирлик ёки қўмита ташкил этилмаган бўлса, Ўзбекистонда 32 та вазирлик ва қўмита бор. Ҳали бу қисқартирилгани, аввал бундан ҳам кўп эди. Таққослаш учун 1,5 миллиардга яқин одам яшайдиган Хитойдаги марказий аппаратда бош вазир, унинг тўрт ўринбосари ва беш нафар давлат маслаҳатчисини қўшиб ҳисоблаганда, 32 киши ишлайди. 350 миллионлик Америка 15 та вазирлик билан қандай яшамоқда, ҳайронман.

Майли, бошқа давлатларни қўяйлик, айтмоқчи бўлганим – бизда ҳукумат бюрократик портфели жуда катта. Юқоридаги 32 та вазирлик ва қўмитадан ташқари яна агентликлар, бошқа давлат ташкилотлари бор. Ва ана шу барча давлат ташкилотларининг вилоят, шаҳар ва туманларда бўлимлари! «Облоно», «районо», «гороно».

Кучишлатар тузилмаларни бюрократик портфелга қўшмаймиз, уларнинг қиладиган иши кўп. Ўзбекистон катта давлат: 37 миллиондан ортиқ одам яшайди, орган ходимларининг иши кўп, уларнинг давлатга оғирлиги тушмайди. Лекин кўплаб давлат ташкилотлари ўзи нима иш билан шуғулланяпти, деган саволни тез-тез ўзимизга беришимиз керак.

Масалан, бугун биз ушбу мазмунда ролик қилишимизга сабаб бўлган «запал» Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги туман бўлимида содир бўлган. Бу бўлимда давлат ишчилари нима иш билан банд бўлишади ўзи? Саволни бошқачароқ бераман: қайси бирингиз бандлик бошқармаси орқали ишга жойлашгансиз? Бу лавозимдаги бир мулозим селектор вақтида камера қаршисизда аёл кишини қучоқлаб тургани, бошқаси кабинетида ниманидир тутатиб ўтирганига қараганда, қиладиган иш кўпга ҳам ўхшамайди...

Ҳурматли давлат ишчилари, биз хусусий сектор вакилларидан бу гапимиз учун ранжиманг, шахсан мен жуда кўп виждонли, профессионал, ўз вазифасини чин дилдан бажарадиган давлат хизматчиларини биламан. Уларнинг солиқ тўловчилар ҳисобидан оладиган маошлари она сутидай ҳалол. Иссиқда соатлаб чироқсиз чорраҳада қолиб кетадиган ЙПХ ходими, ярим тунда ширин уйқусидан туриб ўт ўчиришга югурадиган ФВВчилар, тирбандликда амаллаб беморни касалхонага етказадиган тез ёрдам ҳайдовчиси отасининг пешона терисидай ҳалол ризқ топмоқда, лекин жуда кўп ташкилотлар нима иш билан банд ўзи, деган савол фақат мени қийнаса керак.