Ижтимоий тармоқларда давлат идораси масъули ва фуқаро ўртасидаги тортишув акс этган видео тарқалди. Тасвирларда мансабдор уни видеога олаётган фуқарога қўпол муомала қилиб, таҳдидли сўзлар айтаётганини кўриш мумкин.

«Сан ман билан ўйнадингми? Икки марта видеога ол, к..ингни ялпайтирмасам, кўрасан сан. Сан ман билан ўйнадинг-а, давлат билан?! Тўхта, сани оёғимнинг тагига оламан! У замонинг ўтиб кетди, ўн марта видеога ол», - дейди амалдор.

Маълум бўлишича, видеодаги мансабдор Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг Косон тумани бўлими бошлиғи Убайдулла Очилов бўлган.

Kun.uz манбасига кўра, ҳолат 2026 йил 28 июл куни Очилов фуқародан кўчага тўкилган қумни олиб ташлашни талаб қилган вақтда содир бўлган. Томонлар ўртасида тортишув келиб чиққач, бўлим бошлиғи қўпол муомалага ўтиб, фуқарони ҳақоратлаган ва унга таҳдид қилган.

Ҳолат юзасидан Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси расмий муносабат билдирди. Уюшма Очиловнинг видеода акс этган муомаласи ва сўзлашув услуби давлат хизматчиси одоб-ахлоқ меъёрларига мутлақо зид эканини таъкидлаб, бундай хатти-ҳаракатларни қатъиян қоралади.

«Ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказиш учун ишчи гуруҳ тузилди. Ўрганиш якунлари бўйича ходимнинг хатти-ҳаракатларига қонунчилик доирасида ҳуқуқий баҳо берилади ҳамда тегишли чоралар кўрилади», - дейилади расмий муносабатда.