Бокс бўйича Париж Олимпиадаси чемпиони Лазизбек Муллажонов допинг сабаб спорт мусобақаларидан вақтинча четлаштирилди. Ўзбек спортида бу каби ҳолатлар кўп кузатилган. Хусусан, эркин курашчи Артур Таймазовнинг иккита олтин медали олиб қўйилган бўлса, Абдулла Тангриевга 2012 йилдаги Лондон Олимпиадасида қатнашиш тақиқланади. Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ дарвозабони Игнатий Нестеров ҳам саккиз ой расмий футбол ўйинларида ўйнамаган.

Боксчи Лазизбек Муллажонов допинг тести натижаси туфайли спорт мусобақаларидан вақтинча четлаштирилди. Қайд қилинишича, Муллажоновнинг 2025 йил 11 июнда топширган намунасида метастерон аниқланган.

Метастерон – тақиқланган модда бўлиб, мушакларнинг тез ўсишига, куч ва чидамлиликни оширишга ёрдам берадиган синтетик стероид. Уни истеъмол қилиш мусобақа пайтида ҳам, ундан ташқарида ҳам тақиқланган. Спортчи ушбу ҳолат ҳақида хабардор қилинган ва Б намунасини таҳлил қилишни сўраш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон бокс федерацияси спортчига шифокор томонидан берилган дори воситаларида айрим тақиқланган допинг моддалари бўлиши мумкинлигини тахмин қиляпти.

Лазизбек Муллажонов 26 ёшда. 2024 йилги ёзги Олимпиадада у 92 кг вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган эди. Шунингдек, 2023 йилги жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори ҳисобланади.

Сўнгги йилларда дунё миқёсида ҳам машҳур спортчиларнинг допинг қабул қилиш ёки антидопинг агентликларига нотўғри маълумот тақдим этиши ортидан четлатилишлар кўпайди. Қуйида худди шу сабабга кўра катта спортдан дисквалификация қилинган таниқли ўзбек спортчиларини келтириб ўтамиз. 

Артур Таймазов

Эркин кураш бўйича Ўзбекистон делегацияси сафида 4 та Олимпиадада иштирок этиб, шуларнинг учтасида олтин, биттасида кумуш медалга эга чиққан Артур Таймазов ҳам допинг билан боғлиқ жиддий муаммоларга учраган. Жумладан, унинг 2008 йилдаги Пекин ва 2012 йилдаги Лондон Олимпиадаларида қўлга киритган олтин медаллари олиб қўйилди. Бунга спортчининг допинг намунасини такроран текширувдан ўтказиш вақтида тақиқланган туринабол моддаси аниқлангани сабаб сифатида келтирилади.