Турон замини ХIХ аср ўрталарида мустақиллигини йўқотиб, 130 йил давомида босқин остида яшади. Рус истилоси Қўқон, Бухоро ва Хива давлатларини тарих саҳнидан ўчириб юборди, лекин ўзлигини унутмаган халқнинг эрк истаги сўнмади. Қизил империя қулагач, Турон халқлари уч минг йиллик давлатчилигини тиклади.
Бугун Ўзбекистон истиқлолнинг 34 йиллигини тарихий сабоқлар билан қарши олмоқда. Kun.uz сана муносабати билан, минтақамиз қандай қилиб мустамлакага айлангани ва озодлик йўлидаги тарихий жараёнлар ҳақида суҳбатлашиш учун тарихчилар Баҳром Ирзаев ва Абдували Йўлдошевни таклиф этди.
— Марказий Осиёни мустамлака қилиш қачон ва қандай бошланди?
Баҳром Ирзаев: Умуман олганда, бу саволга тарих фани ҳозирча тўлиқ жавоб бермаганини айтиш мумкин. Масалан, бугун Марказий Осиё ҳақида гапирилганда беш давлат тилга олинади, ҳар бирининг қарашлари бор. Лекин XIX асрнинг 60-йилларида асосий жараёнлар Бухоро, Хива ва Қўқон хонликлари билан боғлиқ бўлгани учун, истило даврини одатда шу йиллардан бошлашади. Аммо бошқа жиҳати ҳам бор: жараёнларнинг илдизи анча чуқур. Масалан, Пётр I даврида княз Бекович-Черкасскийнинг юриши Хоразм хонининг тадбиркорлиги сабаб тўхтатилгани, кейинчалик Перовскийнинг юришлари ҳам муваффақиятсизликка учрагани тарихда қайд этилган.
Қолаверса, босқиннинг бошланиши қуролли шаклда бўлмаган. Рус шарқшунослиги, география жамиятлари, ҳатто археология номи остида келган олимлар, савдогарлар, уламолар ҳам мустамлакачиликка тайёргарлик вазифасини бажарган. Улар хатлар, маълумотлар йиғиб, Россияга етказишган. Қолаверса, Бухоро ва Хоразмда дарс берган Маржоний, Қурсавий каби уламолар даврида ҳам турли ҳудудлардан талабалар келиб ўқиган, улар орқали ҳам анча маълумотлар тарқалган. Бундан ташқари, Россия ва Буюк Британия элчилари ҳам келиб, ҳарбий ва иқтисодий аҳволни ўрганган. Демак, истило жараёни узоқ тайёргарлик маҳсули эди.
Файзулла Хўжаев ҳам бу даврга ўз баҳосини берган. Унинг фикрича, Марказий Осиё хонликлари тараққиётдан ортда қолаётганди, лекин халқ Европа маданияти ва техник ютуқларига интилар, Европа ҳам минтақа бозорига қизиққан, натижада икки томонлама манфаат шаклланган эди. Лекин Эрон ярим мустамлака, Ҳиндистон эса тўла мустамлака бўлиб, Ўрта Осиёнинг дунё билан боғланишида ягона йўл Россия эди. Шу боис савдо ва иқтисодий алоқалар тобора Россия бозорига мослашиб борди.
Бундан ташқари, айрим амалдорлар имтиёз эвазига катта маълумотларни қизил империяга етказиб туришган. Натижада, 60-йиллар истилонинг бошланиши эмас, балки якуний босқичи ва охирги зарбаси бўлди. Шундай қилиб тайёргарлик асрлар давомида олиб борилган бўлса-да, 1860-1870 йилларда – жуда қисқа муддат ичида уч асосий давлатимиз Қўқон, Бухоро ва Хива ўзининг том маънодаги мустақиллигини йўқотди.
















