Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон ва дунёнинг бошқа давлатлари аҳолиси неча йилда уй сотиб ололади?
Молиявий тадқиқотлар билан шуғулланувчи Finder портали маълумотларига кўра, Тошкент марказида яхши таъмирланган уч хонали хонадонларнинг ўртача нархи – 97 минг доллар. Дунёдаги худди шундай энг арзон квартира Кубада – 23 минг ва энг қиммати эса Сингапурда – 1,37 млн доллар. Бошқа давлатларда уйларнинг нархлари қандай? Ўртача ойлик оладиганлар неча йилда уй сотиб олишлари мумкин?
Уй-жой инсонларнинг энг биринчи эҳтиёжи бўлгани учун унинг нархи билан боғлиқ маълумотлар доим диққат марказида бўлади. Давлатларнинг уй нархларини солиштириш учун эса энг аввало маълум бир ўлчов ва шароитдаги намуна олиш керак.
Буюк Британиянинг молиявий тадқиқотлар билан шуғулланувчи Finder портали маълумотларига кўра, 2025 йилда шаҳар марказида жойлашган 59 квадрат метрли, 2 ётоқхона ва 1 залга эга 3 хонали апартаментнинг нархи 123 та давлат ўрганилганда ўртача 208,5 минг доллар бўлган.

Худди шу типдаги энг арзон уй Кубада ўртача қийматдан 9 баравар арзон бўлса, энг қиммати Сингапурда – ўртача нархлардан 6,5 баравар юқори.
123 та давлатга алоқадор маълумотлар асосида тузилган рейтингда Куба, Венесуэла, Покистон, Ливия ва Бангладеш бу каби апартамент нархлари бўйича энг арзон бешликда бўлса, Сингапур, Швейцария, Жанубий Корея, Люксембург ва Тайван энг қиммат уйлар сотиладиган бешликка киритилган. Ўзбекистон эса бу рўйхатнинг 84-ўрнида.
Шунингдек, рейтингдаги айрим давлатларда ўртача нархлар қуйидагича:
- Россия – 193,5 минг доллар;
- Туркия – 125,4 минг доллар;
- Озарбойжон – 119,9 минг доллар;
- Беларус – 111,8 минг доллар;
- Грузия – 96,8 минг доллар;
- Ўзбекистон – 96,8 минг доллар;
- Қирғизистон – 84,5 минг доллар;
- Қозоғистон – 76,3 минг доллар;
- Тожикистон – 54,5 минг доллар.
Юқоридаги рақамлар фақат уйнинг нархлари бўлгани учун уларга арзон ёки қиммат деган таърифни беришга шошмаслик, бир хулосага келиш учун аҳолининг харид қобилиятини ҳам ҳисобга олиш керак.
Масалан, уй нархлари келтирилган давлатларда аҳолининг ўртача ойлик иш ҳақи тахминан қуйидагича:
- Россия – 1250 доллар;
- Қозоғистон – 830 доллар;
- Беларус – 819 доллар;
- Грузия – 803 доллар;
- Озарбойжон – 645 доллар;
- Туркия – 575 доллар;
- Қирғизистон – 522 доллар;
- Ўзбекистон – 482 доллар;
- Тожикистон – 288 доллар.
Бу рақамлардан келиб чиқиб, ушбу давлатлардаги ўртача даромадли аҳолининг 3 хонали апартамент уйга эришиш учун сарфлайдиган муддатини ҳисоблаш мумкин. Яъни ойлик ўртача даромад бошқа ҳеч нарсага сарфланмай, фақат уй учун йиғилган тақдирда:
- Қозоғистонликлар – 7 йил-у 8 ойда;
- Грузияликлар –10 йилда;
- Беларусликлар – 11 йил-у 2 ойда;
- Россияликлар – 12 йил 11 ойда;
- Қирғизистонликлар – 13 йил-у 6 ойда;
- Озарбойжонликлар – 15 йил-у 6 ойда;
- Тожикистонликлар – 15 йил-у 9 ойда;
- Ўзбекистонликлар 16 йил-у 9 ойда;
- Туркияликлар – 18 йил-у 2 ойда ўз уйларига эга бўлишлари мумкин бўлар экан.
Бу рақамларнинг барчаси интернет маълумотлари асосида бўлгани учун нархлар айни пайтдаги сонлардан фарқ қилиши мумкин. Таҳририят уйларнинг айнан шу нархларда сотилиши ва сотиб олиниши учун жавобгар эмас.
Эслатиб ўтамиз, ойлик маош йиғиб борилавергани билан 10 йилдан кейинги уйларнинг нархлари ҳам бугунгидек бўлмайди. Бу ҳисоб-китоблар давлатлардаги нарх ва харид қобилияти ўртасидаги фарқни кўрсатиш учун қилинди. Йиллар ўтиб, ўртача ойликларда ҳам, уйларнинг нархларида ҳам ўзгаришлар кузатилишини ҳисобга олиш лозим.
Мавзуга оид
08:25 / 06.06.2026
Тошкентда уйни икки марта сотган ака-укага жиноят иши қўзғатилди
22:34 / 05.06.2026
Қурилганига 50 йилдан ошган уйларни қайта режалаштириш тақиқланди
19:31 / 04.06.2026
2018 йилдан кейин қурилган ноқонуний уйларнинг тақдири нима бўлади?
09:46 / 26.05.2026