Учрашув давомида, савдо-иқтисодий, инвестициявий, қишлоқ хўжалиги ва ветеринария йўналишларидаги икки томонлама ҳамкорликни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон ва Полша ҳудудлараро ҳамкорлик ҳолати ва истиқболларига эътибор қаратилди.
2025 йил феврал ойида Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Полша ҳукуматлараро комиссиясининг саккизинчи йиғилиши ва бизнес-форум якунлари бўйича эришилган келишувларнинг ижроси кўриб чиқилди.
Жорий йил ноябр ойи охирида Полша Инвестициялар ва савдо агентлигининг Тошкент шаҳрида ваколатхонаси очилиши нафақат Полша компаниялари, балки ўзбек бизнес доира вакиллари учун ҳам янги бозорларга кириш ҳамда ўзаро манфаатли иқтисодий шериклик алоқаларини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Михал Ярос Ўзбекистон Полша учун Марказий Осиёдаги энг муҳим ва истиқболли ҳамкор эканини таъкидлаш баробарида, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий шериклик ҳолатини ижобий баҳолади. "2025 йил ўзбек-поляк алоқалари тарихида бурилиш нуқтаси бўлди", деди у.












