2025 йил 24 сентябр куни ICTWEEK Uzbekistan 2025ʼнинг иккинчи кунида Ўзбекистон Республикаси рақамли технологиялар вазирлиги ва "IT таълим ассоциацияси" нодавлат нотижорат ташкилотининг ташкилий кўмагида CAEx кўргазма марказида "Huawei Digital Economy Forum 2025" тадбири бўлиб ўтди. Тадбирда Рақамли технологиялар вазирлиги, Рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллект тадқиқотлар маркази, Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази, UZTELECOM, Uzum, IT Park Uzbekistan, TATU, Ҳисоблаш бўйича консорциум (Global Computing Consortium) ва Huawei компанияси вакиллари нутқ сўзлашди.

Бир қатор тематик сессиялар доирасида жадал ривожланиш даврида иқтисодиёт тармоқларини рақамли ўзгартириш ва сунъий интеллектни қўллаш сценарийларини излаш каби долзарб масалалар кўриб чиқилди, шунингдек, янги ташаббуслар ва ҳамкорликларни илгари суриш учун ҳамкорлик муҳити яратилди. Форум модератори Huawei компаниясининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақасидаги АКТ стратегияси ва маркетинги бўйича вице-президенти доктор Мохамед Мадкур бўлди. Ўзининг кириш нутқида у "Рақамли иқтисодиёт бўйича форум — бу давлат тузилмалари вакилларини, етакчи халқаро экспертларни, маҳаллий инновааторларни ва рақамли бозорнинг асосий иштирокчиларини бирлаштирадиган ноёб платформа. Бугун амалий тажриба ва ғоялар билан бўлишиш учун келажакни шакллантирадиганлар шу ерга йиғилишган. Айни шундай учрашувлар ҳамкорликнинг янги уфқларини очиб, Ўзбекистон рақамли иқтисодиётини ривожлантириш бўйича улкан мақсадларга эришиш учун кучли туртки бўлмоқда", - деб таъкидлади.

Huawei компаниясининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақасидаги АКТ ечимларининг катта архитектори Дмитрий Конарев сунъий интеллектнинг амалий қўлланиши ва рақамли иқтисодиёт ривожига таъсири ҳақида тақдимот қилди.
Панел сессиясида Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиётни тартибга солиш базаси нуқтаи назаридан қуриш ва мамлакатда қулай инвестиция муҳитини яратиш, алоқа операторлари ва давлат секторининг АКТ инфратузилмасини модернизация қилиш ва телеком секторда инновацияларини жорий этишга қўшган ҳиссаси, мамлакатнинг халқаро ҳамкорлик ва глобал тажрибани ўрганишга очиқлиги, шунингдек, маҳаллий компанияларни ташқи бозорларга чиқишда қўллаб-қувватлаш учун платформалар яратиш борасида салмоқли ютуқлари қайд этилди.









