Қуйида тирноқда оқ доғлар юзага келиши сабабларини келтириб ўтамиз:

Механик шикастланиш

Тирноқларда пайдо бўладиган кичик оқ доғлар, тиббиётда “leukonychia”” деб аталади ва уларнинг энг кенг тарқалган сабаби механик шикастланишдир. Бундай ҳолат тирноқ плитаси ёки тирноқ матрицасига зарар етганда юзага келади. Масалан, тирноқни қаттиқ жисмга уриб олиш, уни сиқиб қўйиш, маникюр пайтида эҳтиётсизлик қилиш ёки тирноқни чайнаш оқибатида оқ нуқта пайдо бўлиши мумкин. Мазкур доғлар соғлиқ учун хавф туғдирмайди, асосан, эстетик ноқулайлик келтириб чиқаради.

Механик шикастланишдан ҳосил бўлган оқ доғлар тирноқ билан бирга ўсади ва вақт ўтиши билан юқорига кўтарилиб, тирноқ учига етганда табиий равишда йўқолади. Тирноқларнинг ўсиш тезлиги одамларда турлича бўлгани учун бу жараён қўл тирноқларида бир неча ҳафта ёки ой давом этиши, оёқ тирноқларида эса ҳатто бир йилгача чўзилиши мумкин.

Витамин ва минерал етишмовчилиги

Тирноқларда оқ доғларнинг пайдо бўлиши нафақат механик шикастланиш, балки организмда витамин ва минерал моддалар етишмаслиги билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Рух, калций ва темир танқислиги кўпинча бундай белгига сабаб бўлади. Мазкур моддалар тирноқ ҳужайраларининг соғлом шаклланишида муҳим аҳамиятга эга. Масалан, рух етишмаса, тирноқлар мўртлашади ва уларда майда оқ нуқталар кўрина бошлайди. Калций танқислиги суяк ва тирноқларни заифлаштиради, темир етишмовчилиги эса қон айланишини сусайтириб, тирноқларга салбий таъсир кўрсатади.

Бундай пайтда муаммони ҳал қилиш учун овқатланиш тартибига эътибор бериш жуда муҳим. Рационда

  • рухга бой маҳсулотлар: ёнғоқ, ловия, тухум, денгиз маҳсулотлари;
  • калций манбалари: сут ва сут маҳсулотлари, кўкатлар;
  • темирга бой озиқ-овқатлар: қизил гўшт, жигар, исмалоқ ва олма кўпроқ истеъмол қилиниши керак. Шунингдек, тўғри овқатланиш билан бир қаторда соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, стрессни камайтириш ва етарлича ухлаш ҳам тирноқ соғлиғини тиклашда катта рол ўйнайди.

Агар оқ доғлар узоқ вақт давомида сақланиб қолса ёки бошқа аломатлар (масалан, ҳолсизлик, соч тўкилиши, терининг оқариши) билан бирга кузатилса, мутахассис кўригидан ўтиш тавсия этилади. Чунки бу баъзида жиддийроқ муаммолар — камқонлик ёки моддалар алмашинуви бузилишининг белгиси бўлиши мумкин.

Аллергик реакция