31 август куни «Ташаббусли бюджет»да овоз бериш жараёни якунланди. Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, жараёнларда мамлакат бўйлаб жами 10 млн 124 мингта овоз берилди.

Овоз бериш якунларига кўра, қиймати 3,1 трлн сўмга тенг жами 2195 та лойиҳа ғолиб деб топилди. Шулардан 2059 таси анъанавий, 136 таси эса шериклик лойиҳалари бўлди.

Ғолиб лойиҳаларнинг аксариятини ички йўлларни (пиёдалар йўлакчаси, йўл ўтказгичлар) таъмирлаш (1022 та), умумтаълим мактабларини (476 та) ва соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техника базасини ривожлантириш (173 та) тадбирлари ташкил қилади.