Нотўғри ёпилган ёки сақланган консерваларда ботулизм бактерияси (Clostridium botulinum) пайдо бўлиши мумкин. Бу микроорганизмлар ҳаво ўтмайдиган, илиқ муҳитда ривожланади ва ўзидан кучли заҳар ҳисобланган ботулин токсинини ажратади.

Ушбу токсин асаб тизимига таъсир қилади: бош айланиши, кўриш хиралашиши, нутқ бузилиши, нафас олиш қийинлашуви каби белгиларга олиб келади. Энг оғир ҳолатларда эса ўлим хавфини туғдиради. Шу сабабли сифати бузилгандек кўринган ҳар қандай консервани истеъмол қилишдан тийилиш зарур.

Қуйида уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларининг истеъмолга яроқлилигини аниқлашга ёрдам берувчи жиҳатларга тўхталамиз:

Қопқоқ ҳолати

Банка қопқоғи шишган, қийшайган ёки босилганда “клик” товуши чиқаётган бўлса, бундай маҳсулотни очиш тавсия этилмайди. У ҳолат, одатда, банкада газ ажралиш жараёни бошланганини, яъни бактериялар фаоллашганини билдиради. Шишган қопқоқ – ботулизм хавфининг энг аниқ белгиларидан бири.

Оддий қилиб тушунтирадиган бўлсак, банка ичида газ тўпланган бўлса, демак, ичкарида микроорганизмлар “иш” бошлаб юборган: улар маҳсулотни аста-секин парчалайди, натижада газ ҳосил бўлади. Бу газ банканинг ички босимини ошириб, қопқоқни шиширади.

Хавфли ҳолат ботулизм бактерияси ривожланганда кузатилади. Мазкур бактерия паст кислотали муҳитда (масалан, сабзавотли салатлар ёки гўштли консерваларда) яшайди ва заҳарли токсин ажратади. Энг ёмон томони, бу заҳарни на ҳид, на ранг, на таъм орқали аниқлаб бўлади. Яъни банка “оддий” кўринишда сақланади, аммо ичида ўта хавфли модда тўпланган бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, тўғри ёпилган банка вакуум босимида бўлади. Шунинг учун уни босганингизда товуш чиқмайди. Аммо қопқоқ қимирлаётган бўлса, босилганда пастга кириб чиқса ёки “клик” товуши эшитилса, ушбу ҳолат вакуум бузилгани, ичкарида газ ҳосил бўлгани ҳамда бактериялар фаоллашганини англатади. Бундай банкани очиш ёки татиб кўриш мутлақо мумкин эмас. Ҳатто “билиш учун бир қошиқ еб кўраман” дейиш ҳам зарарли, негаки ботулин токсинининг атиги бир неча микрограмми ҳам инсон ҳаётини хавф остига қўяди.

Ранги ва тиниқлиги

Янги тайёрланган консервалар тиниқ, чиройли рангда бўлади. Мазкур ҳолат банканинг тўғри ёпилганидан дарак беради. Вақт ўтган сайин рангда бироз ўзгариш кузатилиши табиий: помидор суви бироз тўқроқ тус олиши ёки мураббода шакар доначалари (кристаллар) пайдо бўлиши хавфли эмас.