Робот хотин ишдан чиқди, яъни бузилиб қолди. Чунки у бир неча кун давомида ўзбек аёли умри давомида қилиб келган вазифаларни бажаришга уринганди. Ваҳоланки, робот ҳеч қачон чарчамаслиги, шикоят қилмаслиги керак эди. Шароф Бошбековнинг "Темир хотин" асари нафақат эзилган аёллар ҳаёти, балки бутун жамият тақдирини акс эттиради. "5 дақиқа"нинг навбатдаги сонида шу ҳақида гаплашамиз.

Қўчқор содда, қўрс, лекин кўнгли тоза инсон. Катта шоиримиз Абдулла Орипов таъбири билан айтганда, “дунёни бир кўлмак ҳовуз деб билади”. Жуда тор қарашлари билан кўрганига, эшитганига ишониб яшаб юрган одам.

У маст бўлса, бутун маҳаллани оёққа турғазади. Қўчқор аёли Қумрининг юраги ҳақида ўйламайди. Қумри маҳалладошлар ёрдамида эрини дарахтга боғлаб қўяди.

Қумри меҳрсизликдан чарчаган. У ўзини эмас, оиласини, болаларини асраб қолиш учун отасиникига аразлаб кетади.

Бу саҳнада эр-хотин муносабати кулгили кўринса-да, аслида ўткир ижтимоий оғриқ ётади. Йиллар давомида йиғилган оғриқ, чарчоқ ва қадрсизлик бор.

Робот чарчамайди, шикоят қилмайди...

Олимжон ўзининг илмий ютуғи - аёл қиёфасидаги роботни олиб келади. Унга Аломат деб исм қўйишади. Олимжоннинг мақсади - инсон меҳнатини енгиллаштириш, аёлларнинг оғир юкини камайтириш. У Қўчқорга шундай дейди:

“Бу темир хотин, ишдан чарчамайди, шикоят қилмайди, оғриқ сезмайди, барча ишни сўзсиз бажаради”.

Қўчқор аввалига ишонмайди, кейин қизиқиш билан қабул қилади. Шу тариқа “Аломат” унинг уйига кириб келади - ҳеч қачон гап қайтармайдиган, ҳеч нарсадан шикоят қилмайдиган “мукаммал” хотин сифатида. Қўчқор Аломатни, яъни роботни “никоҳ”лаб олади.

Аломат ишга киришади: уйни тозалайди, кир ювади, молга қарайди, овқат тайёрлайди. Аммо унда ҳеч қандай иссиқлик, меҳр ва жон йўқ эди. Қўчқор илк кундаёқ унинг “совуқ қўлларидан” безовта бўлади. У шундай дейди:

“Хафа бўлманг-у, Аломатхон, шу, Қумрининг қўллари қадоқ босиб, ёрилиб кетган бўлсаям бир нимаси бор эди-да... Ўша нима экан-а?”

Аломат инсон ҳиссини англашга уринади. У Қўчқорни гипноз қилади, “йиғлаш”ни ўргатмоқчи бўлади. Қўчқор илк марта ўз дардини ҳис қилади: меҳнат, ҳақорат, қадрсизлик - бу фақат аёлларнинг эмас, бутун халқнинг, жамиятнинг оғриғи экани намоён бўлади. Аломат унга кўзгу тутади - катталарнинг ёнида бир марта минбарда ўтиргани, ҳурмат тахтасидаги сурати, Тошкентга боргани билан фахрланиш, тинимсиз меҳнат қилса-да, бири икки бўлмаётганини таҳлил қилиб беради. Қўчқор шу нуқтада портлайди.