Карвонсарой эгаси Бенишон худди шундай мушкул аҳволга тушади. Кечагина одамлар орасида юрган киши секин-аста тошбақага айлана бошлайди. 5 дақиқанинг ушбу сонида ўзбек адабиётининг энг ноодатий ва фалсафий асари - Темур Пўлатовнинг «Тарозий тошбақаси» романи ҳақида гаплашамиз.
Роман марказидаги Тарозий – у бухоролик шоир ва олим эди. У бир жойда муқим яшамайди, шаҳарма-шаҳар кезади, рисолалар ёзади, табиатдаги ҳодисаларни кузатиб, бошқалар кўрмаган боғлиқликларни топади.
Унинг навбатдаги манзили қум босиб бораётган сирли шаҳар бўлади. Тарозий карвонсаройга келганида, бу ерда аллақачон ғалаён бошланганди. Карвонсарой эгаси Бенишон ғойиб бўлган, хонасининг деворида эса катта тешик пайдо бўлганди.
Савдогарлар турли тахминларни ўртага ташлайди. Биров уни қарздан қочган дейди, бошқаси деворни йиртқич тешган деб ўйлайди. Қози суриштирув бошлайди. Бенишоннинг хизматкори хўжайини сўнгги пайтларда уйидан кам чиққани, оёқларини ўраб юргани ва ҳаракатларида ғалати ўзгаришлар пайдо бўлганини айтади.
Тарозий шаҳардан чиққач, саҳрода улкан тошбақага дуч келади. Тошбақа унинг ортидан эргашади. Кейин маълум бўладики, бу оддий жонивор эмас, карвонсаройдан ғойиб бўлган ўша Бенишон эди.
Бенишон тошбақа қиёфасида Тарозийга бошидан ўтганларини сўзлаб беради. Аввал унинг орқа териси қотиб, сезмайдиган бўлиб қолган. Қўл-оёқлари шишган, танаси шаклини ўзгартирган. Юролмай, тўрт оёқлаб судралишга мажбур бўлган. Ўзгариш охирига етгач, косаси билан деворни тешиб, ташқарига чиқиб кетган.
Аммо Бенишоннинг тошбақага айланиши тасодиф бўлмаган.
Унинг оиласида авлодлари тошбақадан тарқалгани ҳақида қадимий гап юрарди. Бенишон бу гапларни шунчаки ирим деб қабул қиларди. Ўзи тошбақага айлангач, авлодлардан ўтиб келган белги унинг танасида қайта уйғонганини тушунади.
Тарозий учун эса Бенишон табиат тақдим этган ноёб тажриба эди. Олим тошбақаларни ўрганадиган янги йўналиш билан шуғулланар, ҳайвонни инсон қиёфасига қайтариш имконини изларди. У Бенишон устида муолажаларни бошлайди.
Тажриба муваффақиятли чиқади: тошбақанинг оёқлари инсон оёғига, панжалари қўлга айланади, думи тушиб кетади, косаси йўқолади. Бенишон яна икки оёқда туради, кийим кияди ва гапиради. Бироқ ҳар бир муолажа уни ўн йилга қаритади. Йигирма етти ёшли Бенишон қисқа вақт ичида ўрта ёшли кишига айланади.
Тарозий унинг танасини одам қиёфасига қайтаради, аммо ирсиятдаги белгиларни ўчира олмайди. Бенишоннинг одатлари, қўрқувлари ва характери аввалгидек қолади.








