Агар сизга бир мамлакатни бошқариш вазифасини беришса, ишни нимадан бошлардингиз? Йўлларни тузатишданми? Маошларни оширишданми? Ёки коррупцияни йўқотишданми? Қизиғи, беш юз йил аввал яшаган бир одам ҳам худди шу ҳақида бош қотирган.

Ўша одамнинг исми Томас Мор эди. Унинг “Утопия” деган китоби бор. “Утопия” - бир вақтнинг ўзида “энг яхши жой”, шу билан бирга “ҳеч қаерда йўқ жой” деган маънони англатади. Яъни бу жойни харитадан излаб ўтирманг.

Инсоният ҳамиша идеал ҳаётни излаб келган. Доим нимадир етишмаётгандек яшаймиз. Талаба “Дипломни олсам, ҳаммаси яхши бўлади”, деб ўйлайди. Ишлаётган одам “Маошим ошса, ҳаётим ўзгаради”, дейди. Тадбиркор “Яна битта лойиҳани тугатай, кейин дам оламан”, деб хаёлга берилади. Ҳатто болалар ҳам “катта бўлсам...” деб орзу қилади. Аммо бахт ҳамиша яна бир қадам нарида тургандек туюлади.

Томас Мор жамиятга ойна тутади. Бу ойнада эса ўша давр Англиясини акс эттиради. Бойлар тобора бойиб бораётган, камбағаллар эса тирик қолиш учун курашаётган жамият. Ерлар озчилик қўлига ўтиб кетганди. Оддий деҳқонларнинг қўйларчалик яшашга ҳам ҳаққи қолмаганди. Очлик, ўғрилик авжига чиққанди. Судлар шафқатсиз, жазо турлари оғир, бироқ адолат йўқ эди.

Томас Мор бизга Рафаэл Ҳитлодей деган саёҳатчини таништиради. Бу одам кўп юртларни кўрган, кўп халқлар билан яшаган, замонасидан илгарилаб кетган инсон эди. Утопия ҳақидаги барча ҳақиқатларни ўша сайёҳ гапириб беради.

Утопияда одамлар кунига олти соат ишларди. Қолган вақтини эса илмга, китобга, ҳунарга, санъатга бағишларди.

Ҳеч ким бойлигини кўз-кўз қилмасди. Чунки у ерда бойлик ҳурмат мезони эмасди.

Олтин ҳамиша куч-қудрат, бойликнинг асосий манбаи бўлиб келган. Уни яшириб қўямиз, тақинчоқ қиламиз, мерос қилиб қолдирамиз. Утопияда эса олтиндан маҳбусларнинг оёғига занжир ясаларди. Болалар ундан ўйинчоқ сифатида фойдаланарди. Шу ерга келганда сизда табиий савол пайдо бўлади. Нарсанинг қиймати унинг ўзидами ёки биз берган маънодами?

Шу ерда мавзу чуқурлашади, демак, "Утопия" қандайдир давлат ҳақидаги китоб эмас. Бу китоб инсонларнинг онги, тафаккури ҳақида. Томас Мор аста-секин ўқувчини шундай хулосага етаклайдики, адолатсиз жамият тасодифан пайдо бўлиб қолмайди. Уни адолат ҳақида гапиришни яхши кўрадиган, аммо адолатни ўзидан бошламайдиган одамлар яратади.

Китобда идеал жамиятни топишдан кўра унда яшай оладиган инсонларни тарбиялашга эътибор қаратилади.