Ўзбекистон | 16:56 / 31.10.2025
2748
3 дақиқада ўқилади

Амир Темур боғлари фалсафаси ва ЮНЕСКО ғоялари уйғунлашди

Самарқандда Амир Темур боғлари анъанаси замонавий талқинда қайта тикланмоқда. 5 гектар майдонда ЮНЕСКО ташкил этилганининг 80 йиллиги муносабати билан “Меросга таянаб, келажак сари” шиори остида “Яшил боғ” барпо этилди. Лойиҳа ташкилотнинг асосий қадриятлари - тинчлик, маданиятлараро мулоқот, маданий меросни асраш ва экологик барқарорлик ғояларини ифода этади.

31 октябр куни “Боқий шаҳар” мажмуаси ҳудудида 1,2 гектар ерда 564 туп дарахт ва буталар экилди. Янги боғ “Silk Road Samarkand” туристик маркази ва Қорасув массиви яқинида, Зарафшон дарёсининг соҳилида жойлашган бўлиб, у дам олиш, маърифат ва халқаро дўстлик рамзига айланиши кўзда тутилган.

“Яшил боғ” шунчаки кўкаламзор эмас, балки замонавий экологик инновациялар марказига айланади. Бу ерда сув сарфини камайтирадиган томчилатиб суғориш тизимлари, қуёш панеллари ва энергия тежовчи насослар, ёмғир сувини йиғиб, қайта фойдаланиш тизимлари, чиқиндиларни компост қилиш ва тупроқни бойитиш майдонлари жорий этилади. Йўлаклар ва ўриндиқлар маҳаллий табиий материаллардан тайёрланади. Бундай ечимлар шаҳар муҳитида ҳароратни сезиларли даражада пасайтиради.

Лойиҳа концепцияси Амир Темур боғлари фалсафасига асосланган бўлиб, боғ 9 та бўлимга бўлинади. Бу бўлимлар Соҳибқирон барпо этган машҳур боғлар - “Боғи Чинор”, “Боғи Беҳишт”, “Боғи Давлатобод”, “Боғи Дилкушо”, “Боғи Шамол”, “Боғи Нав”, “Боғи Жаҳоннамо”, “Боғи Майдон” ва “Боғи Баланд” ғояларини ифода этади. Ҳар бир бўлимда ўша даврга хос дарахт ва буталар + чинор, тут, хурмо, кедр, павлония, атиргул, лаванда, магнолия, лола, акация, фотиния, секвойя ва бошқалар экилади.

ЮНЕСКОнинг 80 йиллиги шарафига рамзий маънода 80 минг туп дарахт ва бута экилиши режалаштирилган. Бу нафақат шаҳар кўркини оширади, балки экологик мувозанатни ҳам таъминлайди. Шу билан бирга, боғда ўзбек рассом ва дизайнерлари яратган замонавий арт-инсталляциялар ҳам ўрнатилади. Бу табиат ва инсон ижодкорлигини уйғунлаштирган ҳолда, экологик масъулият ва илмга асосланган ёндашувни намоён этади.

“Яшил боғ” лойиҳаси ЮНЕСКО қадриятларига мос ҳолда, Ўзбекистоннинг экологик етакчилиги, маданий бойлиги ва глобал ҳамжиҳатликка содиқлигини намоён этади. У Самарқанд ва бутун мамлакат учун барқарор ривожланишнинг тирик рамзи - келажак авлодлар учун соф ҳаво, гўзал табиат ва маънавий макон бўлиб қолади.

Тайёрлаган:  Исомиддин Пулатов

Мавзуга оид