Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ҳокими Ҳасан Самадов шу кунларда интернет юлдузига айланди. Ижтимоий тармоқларда ушбу амалдор тумандаги хонадонлардан бирига кириб, уйдаги тозаликни текширгани ва мавжуд ҳолатни танқид қилиб, уй эгасини фарзанди олдида койиб бергани акс этган видео тарқалди.

11 дақиқаю 6 сония давом этган видеода ҳоким бир неча бор ўз ваколатлари доирасидан четга чиқиб, аёлнинг шахсий ҳаётига аралашгани, уни камситгани ва қўрқитганини кўриш мумкин.

Хусусан, у «бу уйга нормал одам келин бермаслиги»ни иддао қилади.

«Яшашни қаранг… Шу аёлнинг яшашими? Мана бу чойнакка қаранг. Ўргимчак тўрига қаранг. Шу рўзғорми? Мана бу чангга, музлаткичдаги кирга қаранг. Ушлаб бўладими буни?» – дейди ҳоким очиқ осмон остида турган буюмларга бирма-бир тегиниб.

Ҳоким аёлни камситишда давом этиб, ўз уйидаги ҳолат билан бу уйдаги ҳолатни умуман солиштириб бўлмаслиги, хоҳласа, уни уйига олиб бориб, гапини исботлаши мумкинлигини айтади.

«Машинамга ўтирасиз, сизни уйимга олиб бораман. Бизнинг рўзғорни кўрасиз, ҳамма жойга киринг. Нима учун мени рўзғоримда ҳаммаси тоза туради? Нега ҳаммамиз айнан шундай яшамаймиз? Мен буни ўзимни мақташ учун айтаётганим йўқ. Агар сизни танқид қилишса, қандай бўлиши кераклиги билан қизиқишиз мумкин», – дейди ҳоким.

Бундан ташқари, Самадов уй эгасини пешин вақтида ухлаётгани учун ҳам танқид қилган ва ўзи бу вақтда ишлаётганини пеш қилган.

«Абедда нега биз ётмаяпмиз. Биз ухлолмаяпмиз-ку абедда! Шу гапиниям олинглар, абедда биз ухлаймиз-да, деганини», – дея давом этади туман раҳбари.

Рейд охирида у уйдаги ҳолат учун жарима қўлланишини айтади.

«Эртага яна келаман. Ҳозир жаримани урасиз. Кўча, уйини, яшаш, ахлат, ҳаммаси учун жарима урасиз. Менга бирортасидан мен илтимос қилдим, кечирим сўради деган гап керак эмас», – дея буйруқ беради ҳоким бу ҳолатни камерага олиб юрган бошқа бир масъулга.

Ёпишмаган изоҳ

Бу видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, ҳоким танқидлар нишонига айланди. Хусусан, мансабдор шахс фуқаронинг шахсий ҳудудига бу тарзда аралашиши қанчалик қонуний экани савол остига олинмоқда.

Ҳокимлик матбуот хизмати эса «Дарё» нашрига ҳолат юзасидан шошилинч изоҳ берди.

Ҳокимликка кўра, туман ҳокими Шаматон маҳалласида ўрганишлар давомида серқатнов йўл бўйидан ўтаётган вақтида деворлари, деразалари ва атрофи янтоқ ҳамда бошқа бегона ўтлар билан қопланиб, ташландиқ уйни эслатувчи хонадонга эътибор қаратган, шундан сўнг мазкур хонадонда ҳеч ким яшамайдими, деб маҳалла фуқаролар йиғини раисидан сўраган.

Маҳалла раиси ушбу уйда ногиронлиги бўлган кексалар истиқомат қилишини маълум қилган. Ҳокимлик муносабатига кўра, Самад Ҳасанов аслида ногиронлиги бор кекса фуқаронинг уйига бормоқчи бўлган, аммо МФЙ раиси адашиб, ёнма-ён жойлашган қўшни хонадон эшигини кўрсатган.

«Юзага келган тушунмовчилик маҳалла раиси томонидан хонадонлар янглиш кўрсатилгани билан боғлиқ бўлиб, ҳеч қандай фуқарони камситиш ёки унинг шахсий дахлсизлигини бузиш мақсади кўзланмаган», – дейилади хабарда.

Видеода эса ҳоким маҳалладагилар бу уйга 20 кун олдин ҳам, уч кун олдин ҳам келиб, огоҳлантирганини айтади. Шундан кейин маҳалла раисига юзланиб, камера қаршисида бу уйга неча марта келиб, огоҳлантирганида ҳам айтилган ишлар қилинмаганини айтиб беришни сўрайди. Маҳалла раиси маҳалладагилар бир неча марта келиб, уйни тозалашни тайинлагани, уй эгасининг катта ўғлига ўтларни ўрдирганини айтади.

Яна бир жойда эса (6:13-6:23 сониялар) ҳоким маҳалла раисига юзланиб: «Сизга айтгандим-ку, улар уч-тўрт кунлаб идиши билан ётади, сасиб», – дейди.

Яъни, «ҳоким бу хонадонга адашиб кириб қолгани» ҳақидаги баёнот асл ҳолатга мос келмаяпти, видеодаги ҳолат ҳоким ва маҳалла раиси бу хонадондаги ҳолат ҳақида олдиндан хабардор бўлганини кўрсатмоқда.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ҳокимни ўзганинг уйига рухсатсиз бостириб киришда айблаганди.

Ҳокимлик матбуот хизмати эса «хонадонга киришдан олдин маҳалла раиси ҳамда туман ҳокими томонидан хонадон эгасидан рухсат сўралгани»ни билдирган.

Ҳолбуки, видеода ҳоким уй эгаси уйғонишини кутиб турганини таъкидлаган.

Шунингдек, ҳокимлик муносабатида тасвирлар туман ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан олинмагани ва ижтимоий тармоқларда тарқатилмагани, аксинча, туман ҳокими томонидан бундай видеотасвирларни ижтимоий тармоқларга жойлаштирмаслик юзасидан қатъий кўрсатма берилгани айтилади. Гўёки, мазкур видео маҳалла еттилиги вакиллари томонидан олинган бўлиб, туман ҳокимлиги расмий каналларига эмас, балки ишчи гуруҳнинг тор доирадаги иш жараёнлари ташлаб борилувчи гуруҳига еттилик вакиллари томонидан ташланган.

Ҳолбуки видео бошида (1:49-1:56 сониялар) ҳоким ўз оғзи билан ушбу видео «каналга қўйилиши»ни айтади. «Бугун каналга қўйиласиз ҳозир. Мана шу маҳалла каналида ўзингизни кўрасиз. Анави қўшнингизни ҳам олдик. Битта сиз эмас, икки-учта бор», – деган ҳоким. Уй эгаси эса бундай қилмасликни сўраган.

Расмийлар ва жамоатчилик реакцияси

Самад Ҳасанов муқаддам 17 йил прокуратура тизимида ишлаган, 2020 йил июл охиридан буён Шаҳрисабз туманини бошқариб келмоқда

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати Gazeta сўровига жавобан берган изоҳида ҳар қандай даражадаги раҳбар фуқаролар билан мулоқотда давлат хизматчиси одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиши шартлигини таъкидлаган.

«Фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини бузиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, шунингдек, асосланмаган маъмурий босим ўтказиш қонунчиликка ва этика меъёрларига мутлақо зид. Агентлик давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидалари бузилишининг олдини олишга қаратилган ишларни мувофиқлаштириш ваколати доирасида Қашқадарё вилояти ҳокимлигига ҳолат юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда хизмат текшируви ўтказиш ҳамда ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тақдимнома киритди», – дейилади муносабатда.

Омбудсман Феруза Эшматова «Дарё»га берган изоҳида «профилактика тадбирлари фуқароларнинг шахсий ҳаётига ортиқча аралашиш ҳисобига амалга оширилмаслиги лозимлиги»ни қайд этади.

«Омбудсманнинг позицияси доим бир хил – ҳар қандай давлат органи ёки мансабдор шахс фаолияти инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш принципига асосланиши керак. Ободонлаштириш, санитария ёки профилактика тадбирлари ўтказилиши мумкин. Аммо улар фуқароларни уялтириш, камситиш ёки шахсий ҳаётига ортиқча аралашиш ҳисобига амалга оширилмаслиги лозим. Агар бу жараёнда фуқаронинг ҳуқуқлари бузилгани ҳақида мурожаат келиб тушса, омбудсман уни ўз ваколати доирасида ўрганади», – дейилади баёнотда.

Иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров ҳокимларнинг саройларида солиқ тўловчилар тафтиш ўтказса нима бўларди, дея савол қўяди.

Агарда ҳоким солиқ тўловчининг уйига шундай кириб бориши, жеркиши, тергаши, изза қилиши мумкин бўлса ва бу прецедент ҳуқуқий баҳосиз ва оқибатларсиз қабул қилинса (омбудсман изоҳи ва антикоррупция агентлиги тақдимномалари кифоя эмас), солиқ тўловчилар ҳам судсиз ва ордерсиз ҳокимтўранинг уйига кириб, уни сўроқ саволга тутиши мумкин бўладими? Қанақа пандора қутиси очилаётганини тасаввур этмоқдасизми?

Тасаввур қилинг, солиқ тўловчилар ҳокимларнинг саройи, дачаси қайси пулларга қурилгани, активлари ва бизнеслари кимларнинг номига расмийлаштирилгани, машиналарнинг манбаи, қиммат идиш товоғи, италянча костюмлари ва пўрим мебеллари қаердан келтирилгани, тилла ва заргарлик буюмларини кимлар совға қилганини, холодилнигини кимлар тўлдиришиб кетишини, хизматкорларга кимлар маош тўлашини сўраши мумкинми? Декларациялаш йўқ-ку ҳалиям, 9 йилдан бери ҳар гал янги баҳона билан пайсалга солинмоқда. Солиқ тўловчилар эса ҳокимтўраларнинг даромадлари ва яшаш тарзи мутаносиблигини билмоқчи (шу жойда дронлардан фойдаланиш тақиқи эсга тушади).

Жаноб ҳокимтўра ўша ўзи тергаётган фуқаро тўлаётган солиқлар ҳисобига яшаётганини билмас, тушунмас (балки шунинг учун ҳам у ҳоким этиб қўйилган), лекин фуқаро ҳоким аслида унинг хизматкори эканини тушуниб ва жавоб ташрифи билан ҳокимникига келиб қолса, нима бўлади?

Ҳоким фермерни уриб сўкса - ҳайфсан, фермер ҳокимга жавоб қайтарса-чи, деган ёқимсиз ва жавобсиз риторика бу ерда ҳам ўринлими?

Инсон ҳуқуқлари бўйича «Эзгулик» жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов «бундай ўзбошимча ҳаракатлар давлат ҳокимияти мулозими этикасига зид» эканини таъкидлаган.

Фуқаронинг шахсий ва мулкий ҳуқуқларига дахл қилиш, ҳатто унинг ўзи буни истаган тақдирда ҳам, позитив дискриминация ҳисобланади. Агар бу ҳолат мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ёки мансаб мавқеидан фойдаланиш орқали амалга оширилган бўлса, бу тўғридан тўғри жиноятдир.

Видеотасвирдан кўриниб турибдики, фуқаро ҳокимнинг хатти-ҳаракатларига қаршилик кўрсатишга ожиз. Бу каби лавҳаларнинг ижтимоий тармоқларга сиздирилишидан кўзланган ягона мақсад эса ҳокимнинг жонкуярлигини намойиш этишдир.

Ҳокимият вертикалидаги амалдорларнинг бундай ўзбошимча ҳаракатлари қонун нуқтаи назаридан нотўғри ва ҳуқуқий жиҳатдан давлат ҳокимияти мулозими этикасига зид деб ўйлайман. Мазкур кейсда шахсий дахлсизлик қоидаларини бузиш ва шахсга доир маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ошкор қилиш билан боғлиқ ҳуқуқий масалаларга баҳо берилиши лозим.

Инсон ҳуқуқлари бўйича «Марказий Осиё уюшмаси» жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Гулноз Мамарасулова «ҳокимни жавобгарликка тортиш»ни сўради.

Ҳоким ҳудудда санитария ва ободонлаштириш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиши мумкин. Лекин бу ваколат унга фуқаронинг уйига кириб бориш, уни камситиш ёки ижтимоий тармоқларда шарманда қилиш ҳуқуқини бермайди.

Бу ҳолатда эътибор қаратилиши лозим бўлган бир нечта жиддий ҳуқуқий масала бор. Аввало, уй-жой дахлсизлиги Конституция билан кафолатланган ҳуқуқдир. Давлат мансабдори фуқаронинг уйига кирган тақдирда ҳам, ўз ваколатини инсоннинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган тарзда амалга оширмаслиги шарт.

Иккинчидан, видеода айтилган «бу уйдан ҳеч ким келин олмайди», «каналга қўямиз» каби гаплар давлат хизматчиси этикасига зид. Бу сўзлар фуқарони омма олдида уялтириш ва камситишга қаратилган муносабатдир. Давлат органларининг вазифаси фуқарони шарманда қилиш эмас, қонун асосида иш юритишдир.

Учинчидан, жарима ҳокимнинг оғзаки буйруғи билан эмас, қонунда белгиланган тартибда, ваколатли шахс томонидан расмийлаштирилган ҳуқуқбузарлик асосида қўлланиши мумкин. Ҳеч бир мансабдор шахс қонуний тартибни ўзининг оғзаки топшириғи билан алмаштира олмайди.

Ҳокимликнинг «уй адаштириб кўрсатилган» деган изоҳи ҳам асосий муаммони бартараф этмайди. Муаммо қайси уйга кирилганида эмас, балки давлат мансабдорининг фуқаронинг шахсий ҳаётига аралашгани, уни камситгани ва маъмурий жазони оғзаки буйруқ билан қўллашни талаб қилганидадир.

Бу ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиши, ҳокимнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши ва у амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилиши керак. Давлат мансабдорининг ваколати Конституция билан кафолатланган уй-жой дахлсизлиги, шахсий ҳаёт, шаън ва қадр-қиммат ҳуқуқларидан устун эмас. Бу каби ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо берилмас экан, фуқароларнинг давлат институтларига бўлган ишончига путур етади.