Жамият | 16:47 / 26.11.2025
2334
2 дақиқада ўқилади

БААдан Интерпол орқали қидирувда бўлган уч фуқаро Ўзбекистонга олиб келинди

Тошкент ва Абу-Даби Интерпол Миллий марказий бюролари ҳамкорлигида оғир жиноятлар содир этганлик айби билан халқаро қидирувда бўлган уч нафар фуқаро Бирлашган Араб Амирликларидан Ўзбекистонга экстрадиция қилинди. Улар иқтисодий ва мулкий жиноятлар бўйича суд олдида жавоб беради.

Фото: Интерпол

Бирлашган Араб Амирликларидан Интерпол каналлари орқали қидирувда бўлган фуқаролар Ўзбекистон Республикасига олиб келинди.

Маълумотга кўра, Тошкент ва Абу-Даби Интерпол Миллий марказий бюролари ходимларининг яқин ҳамкорлиги ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлари натижасида оғир жиноятлар содир этганлик айби билан халқаро қидирувда бўлган уч нафар фуқаро БАА ҳудудидан Ўзбекистонга топширилган.

Томонлар ўртасидаги учрашувлар ва музокаралар жараёнида трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш масалалари, жумладан, жиноятчиларни экстрадиция қилиш амалдаги халқаро битимлар асосида амалга оширилиши бўйича ўзаро ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда. Миллий марказий бюролар ўртасидаги икки томонлама алоқалар натижасида жиноятчиларни топшириш кўрсаткичлари ўсиши кузатилмоқда.

Олиб келинган шахслар Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан мамлакат ҳудудида содир этилган иқтисодий ва мулкий жиноятларга оид айбловлар бўйича қидирувда бўлган. Энди улар жиноий жавобгарликка тортилиш учун суд олдида жавоб беради.

Ўзбекистондаги Интерполнинг Миллий марказий бюроси халқаро ҳамкорлик доирасида трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш, қочиб юрган жиноятчиларни аниқлаш ва уларни юрисдикцияга қайтариш бўйича ишлар изчил давом этаётганини маълум қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид