Қозоғистон, Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликлари янги Қозоғистон — Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон (CASA) темирйўл йўналиши лойиҳасини биргаликда тайёрлашга келишиб олди. Ушбу лойиҳа Покистон денгиз портларига чиқиш имконини бериши назарда тутилмоқда.
Қозоғистон бош вазири матбуот хизмати хабарига кўра, тегишли ўзаро англашув меморандумини Ўзбекистон ва Қозоғистон Транспорт вазирликлари ҳамда БАА Энергетика ва инфратузилма вазирлиги вакиллари имзолади.
CASA лойиҳаси Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, халқаро юк ташувлари, савдо, логистика ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратишга қаратилгани таъкидланган.
Ҳужжатга кўра, томонлар яқин орада техник ва иқтисодий тадқиқотлар ҳамда таҳлилий баҳолашни ўтказиши, зарур темирйўл инфратузилмаси ва унга алоқадор объектларни қуриш мақсадга мувофиқлигини ўрганиши керак. Шунингдек, лойиҳанинг техник, иқтисодий ва молиявий жиҳатларини атрофлича ишлаб чиқиш учун махсус ишчи гуруҳ тузиш режалаштирилмоқда.
Таъкидланишича, Марказий Осиё давлатлари ривожланган темирйўл тармоғи ва юқори транзит салоҳиятига эга бўлса, БАА томони йирик инфратузилма ва логистика лойиҳаларини молиялаштириш ҳамда амалга ошириш бўйича халқаро тажрибасини сафарбар этади.
Ушбу имкониятларнинг бирлашиши CASA лойиҳасини амалий босқичга ўтказиш ва уни амалга оширишнинг энг мақбул механизмларини белгилаб олишга хизмат қилиши кутилмоқда.
















