Охирги 2 йилда нархларнинг рекорд даражадаги қимматлашиши фонида Ўзбекистоннинг олтиндаги активлари қиймати 2 баробар ёки 47,8 млрд долларгача кўпайди. Мамлакат халқаро захираларида ҳам олтиннинг улуши 80 фоиздан ошди. Қимматбаҳо металнинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги роли қандай? Нархларнинг кўтарилиши яна давом этадими ёки пасайиш бошланадими?
Олтин минг йиллардан буён бойлик, иқтисодий қудрат рамзи бўлиб келади. Олтин илинжида одамлар дунёнинг энг узоқ ва бориш қийин бўлган ҳудудларини ҳам забт этишган, қанчадан қанча қонли уришлар юз берган. Инсоният тараққиётининг ҳозирги босқичида ҳам ушбу қимматбаҳо металл жаҳон молиявий тизимида ўзининг кучли таъсирини сақлаб қоляпти. Хусусан, сўнги йилларда олтин баҳоси каррасига қимматлашди. Бу ралли яна давом этадими? Қимматбаҳо металнинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги роли қандай?
Олтин ва Ўзбекистон
Бир неча кун олдин Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро захиралари ҳақидаги маълумотларни янгилади. 1 ноябрь ҳолатига кўра, мамлакатнинг халқаро активлари 59,3 млрд долларгача ошди. Бу мутлоқ рекорд кўрсаткичдир. Захираларнинг 47,8 млрд доллари ёки 80 фоиздан ошиқроқ қисми айнан олтин ҳиссасига тўғри келган. Бу борада Ўзбекистон Боливия ва Венесуэладан кейинги учинчи мамлакат ҳисобланади.
Таққослаш учун, 2023 йилнинг 1 ноябрь ҳолатида халқаро активлари 32,9 млрд доллар, унинг таркибида олтиннинг улуши 23,9 млрд доллар бўлган. Икки йил олдин қимматбаҳо металлнинг физик ҳажми ҳам ҳозиргига қараганда кўпроқ эди. Яъни нархларнинг қимматлашиши ҳисобига Ўзбекистоннинг олтин активлари 2 баробарга ёки 24 млрд долларга кўпайган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон энг йирик олтин ишлаб чиқарувчи ва уни экспорт қилувчи мамлакатлардан биридир. Хусусан, 2022 йилда 4,1 млрд долларлик, 2023 йилда эса 8,2 млрд долларлик, 2024 йилда эса 7,5 млрд долларлик олтин сотилган. 2025 йилнинг 9 ойида бу 9,9 млрд долларгача ошган. Бу умумий экспортнинг 37 фоизини ташкил этади. Олтин нархининг ошиши экспортдан тушадиган даромадларни кўпайтириб, ташқи савдо балансига ижобий таъсир кўрсатади ва бюджет тақчиллиги камайишига ёрдам бериши мумкин. Шунингдек, олтин нархининг ошиши доллар ва бошқа валюталарга нисбатан сўмнинг қадрсизланишини тўхтатади ёки секинлаштиради. Шу жиҳатдан, жаҳон бозорида тилла нархининг ҳар бир тебраниши Ўзбекистон иқтисодиётига бевосита таъсир қилади.
Нима учун олтин нархи кескин қимматлади?
Одатда олтин нархининг кескин ўсиши иқтисодий ёки сиёсий босимлар билан боғлиқ бўлади. Масалан, глобал молиявий инқироздан кейин қимматбаҳо металл 1000 долларга, пандемия даврида 2 000 долларга, жорий йилнинг мартида Трамп маъмуриятининг радикал бож сиёсати фонида 3 000 долларга чиққанди. Жаҳон савдосида ноаниқликлар, АҚШ Федерал резерв тизими мустақиллиги атрофида хавотирлар ва Қўшма Штатларнинг фискал барқарорлигига доир шубҳалар кучайгани сабаб октябрь ойида нархлар 4000 доллардан ошди. Мутахассислар бу тенденция кейинги йилларда ҳам давом этишини прогноз қиляпти. Масалан, ЖП Морган таҳлилчилари олтин 2026 йил охирида 5200 ва 5 300 доллар оралиғида бўлишини, Голдман Сачс эса бу даврда нарх 4 900 долларга чиқишини кутяпти.














