Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент ҳавосида РМ2,5 меъёрдан 1,6 марта юқори қайд этилди
2025 йил 28 ноябр куни соат 09:00 ҳолатига кўра олинган мониторинг маълумотларига кўра, Тошкент шаҳри атмосфера ҳавосида РМ2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори рухсат этилган меъёрдан 1,6 марта юқори бўлди. Мутахассислар бу ҳолатга ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши ва инверсия жараёни сабаб бўлаётганини таъкидламоқда.
Фото: Kun.uz
Атмосфера ҳавоси ифлосланишини мониторинг қилиш бўйича автоматик станциялар 2025 йил 28 ноябр куни соат 09:00 да Тошкент шаҳри ҳаво сифати кўрсаткичларини янгилади.
Маълумотларга кўра:
- РМ10 майда дисперсли заррачалар миқдори 166 мкг/м³ ни ташкил этди ва рухсат этилган меъёр – 300 мкг/м³ дан ошмади;
- РМ2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори эса 99,5 мкг/м³ даражада қайд этилди, бу белгиланган меъёр – 60 мкг/м³ дан 1,6 марта юқоридир.
Таъкидланишича, кўрсаткичларнинг ошишига ҳаво ҳароратидаги кескин ўзгариш ҳам таъсир кўрсатмоқда. Ҳароратнинг тез ўзгариши натижасида атмосферада инверсия жараёни юзага келади. Бу эса ҳавонинг пастки қатламларида майда заррачалар тўпланишига, уларнинг атмосфера ҳавосидаги концентрацияси ошишига сабаб бўлади.
Мутахассислар аҳолидан бундай кунларда, айниқса, юрак-қон томир ва нафас йўллари хасталиги бор шахслардан имкони борича очиқ ҳавода узоқ вақт қолмасликни, жисмоний юкламаларни чеклашни ва эҳтиёжга қараб ҳимоя ниқобларидан фойдаланишни тавсия этмоқда.
Тошкент шаҳри атмосфера ҳавоси ҳолати бўйича мониторинг ишлари давом эттирилмоқда.