Жаҳон | 00:35 / 01.12.2025
7767
2 дақиқада ўқилади

Белгия Россиянинг “музлатилган” пулларини Киевга бериш учун учта шарт қўйди – ОАВ

ЕК раиси Урсула фон дер Ляйен ушбу шартларни бажаришга тайёрлигини билдирган, бироқ Белгия бош вазири Барт де Вевер Евроиттифоқнинг бошқа мамлакатлари ҳам буни тасдиқлашини талаб қилмоқда. 

Фото: Reuters

Белгия Россия активларини Украинага кредит тарзида бериш учта шарт бажарилганида амалга ошиши мумкинлигини билдирди, деб ёзади Suddeutsche Zeitung Белгия бош вазири Барт де Вевернинг мактубига таяниб. 

"У учта шарт бажарилишини талаб қилмоқда. Биринчиси, ЕИ мамлакатлари кредит бўйича “юридик жиҳатдан мажбурий, ҳеч қандай шартларсиз, қайтиб олинмайдиган” кафолатлар бериши керак. Иккинчиси, де Вевер низоларни ҳал этиш жараёнлари билан боғлиқ барча хатарлар ЕИдаги ҳамкорлар ўртасида тенг тақсимланишини хоҳлаяпти", — дейилади газета хабарида.

Нашрнинг ёзишича, учинчи шартга кўра, дастурда Россия давлат активлари мавжуд бўлган ЕИнинг барча аъзолари қатнашиши керак.   

Хабар қилинишича, ЕК раиси Урсула фон дер Ляйен ушбу шартларни бажаришга тайёрлигини билдирган, бироқ Белгия бош вазири Евроиттифоқнинг бошқа мамлакатлари ҳам буни тасдиқлашини талаб қилмоқда. 

Барт де Вевер жума куни Еврокомиссияга жўнатган мактубида Россия активларидан фойдаланиш режасини шошқалоқлик билан амалга ошириш эҳтимолий тинчлик келишуви имкониятларини йўққа чиқариши ҳақида огоҳлантирганди.  

Тайёрлаган:  Дилшодбек Асқаров

Мавзуга оид