Жорий йил 2 сентябридан 8 сентябрига қадар Маданий мерос агентлиги тизимидаги давлат музейлари, музей-қўриқхоналар ҳамда уй-музейларида “Музейлар ҳафталиги” ўтказилади. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, ушбу ҳафталик давомида агентлик тизимидаги жами 114 та давлат музейи ва музей-қўриқхоналарига ўзбекистонликлар бепул ташриф буюришлари мумкин.

“Ушбу ҳафталик тарих, санъат ва миллий меросимиз билан яқиндан танишиш, ноёб экспонатлар ва қадимий ёдгорликлар ҳақида янги маълумотларга эга бўлиш учун ажойиб имконият”, — дейилади расмий хабарда.

Агентлик барчани мазкур ҳафталик давомида ташкил этилаётган очиқ эшиклар кунига таклиф этган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда музейлар ҳафталиги 2014 йилдан бери ҳар йили 2-8 август кунлари ўтказиб келинади. Вазирлар Маҳкамаси қарорига мувофиқ, ҳафталик доирасида аҳолининг шу кунлари давлат музейларига бепул кириши белгиланган.