«Ўргимчак одам: Янги кун» филми Шимолий Америка прокатида илк дам олиш кунларида 355 миллион доллар тўплаб, Ҳолливуд тарихидаги иккинчи энг яхши дебют натижасини қайд этди.

Reuters агентлиги маълумотига кўра, ушбу кўрсаткич филмни 2026 йилда АҚШ ва Канадада намойиш этилган энг сердаромад премерага айлантирган.

Картина халқаро бозорларда ҳам юқори натижа кўрсатди. АҚШ ва Канададан ташқари мамлакатларда филмнинг касса тушуми 572 миллион долларга етган. Шундан 121 миллион доллари Хитой прокати ҳиссасига тўғри келади.

Умуман олганда, филм илк уикенднинг ўзида дунё бўйича 927 миллион доллар даромад тўплаган.

Шу билан бирга, «Ўргимчак одам: Янги кун» Шимолий Америкада коронавирус пандемиясидан кейинги даврда энг юқори касса тушумини қайд этган филм бўлди.

АҚШ ва Канада прокати тарихидаги энг муваффақиятли дебют сифатида ҳамон 2019 йилда намойиш этилган «Қасоскорлар: Интиҳо» филми қолмоқда. Том Холланд бош қаҳрамон ролини ижро этган янги «Ўргимчак одам» ушбу рекорддан атиги 2 миллион доллар ортда қолган.

Филм суперқаҳрамонлар ҳақидаги картиналарга глобал аудитория қизиқиши пасайиб бораётгани ҳақидаги фикрларга қарамай, катта муваффақиятга эришди.

Ўргимчак одам Marvel комикслари оламининг энг машҳур қаҳрамонларидан бири ҳисобланади. Reuters қайд этишича, мазкур персонаж суперқаҳрамонлар жанрига нисбатан муайян чарчоқ кузатилаётган шароитда ҳам томошабинлар учун жозибадорлигини сақлаб қолмоқда.

«Ўргимчак одам: Янги кун» Том Холланднинг 2016 йилдан буён мазкур қаҳрамон образида тўртинчи бор пайдо бўлиши бўлди. Янги филм сюжети бош қаҳрамоннинг ёлғизлик ҳисси ва бошқа инсонлар билан яқин муносабат ўрнатишга бўлган интилишига асосланган.

Агентликка кўра, айнан шу руҳий ва инсоний мавзулар кинотанқидчилар ҳамда жаҳон аудиторияси томонидан ижобий қабул қилинган.