Рейтингга кўра, Колумбияда йилига ўртача 3240 миллиметр ёғингарчилик кузатилади. Шу билан бирга, мамлакат иқлими бир хил эмас: унинг айрим ҳудудларида қуруқ саванналар бўлса, бошқа жойларида нам тропик ўрмонлар мавжуд.
Иккинчи ўринни Африканинг орол давлати Сан-Томе ва Принсипи эгаллаган. Бу мамлакатда йилига ўртача 3200 миллиметр ёғин тушади. Ёмғирли мавсум эса тахминан тўққиз ой давом этади.
Сан-Томе ва Принсипи энг серёғин ўнталикка кирган ягона Африка мамлакати ҳисобланади.
Учинчи ўринда Папуа — Янги Гвинея қайд этилган. Бу мамлакатда йиллик ўртача ёғингарчилик миқдори 3142 миллиметрни ташкил этади.
Энг серёғин мамлакатларнинг аксарияти бир нечта географик минтақада жойлашган. Жумладан, Индонезия, Бруней ва Малайзия Жануби-Шарқий Осиёнинг денгиз ҳудудларида жойлашган.
Жанубий Тинч океани минтақасидан Самоа, Соломон ороллари ва Папуа — Янги Гвинея рейтингга кирган. Марказий Америкадан эса қўшни Коста-Рика ва Панама энг серёғин мамлакатлар қаторида қайд этилган.
Қизиғи, Ҳиндистондаги Маусинрам Ер юзидаги энг серёғин жойлардан бири ҳисобланса-да, Ҳиндистон мазкур рейтингнинг юқори поғоналаридан жой олмаган. Сабаби рейтинг алоҳида шаҳар ёки ҳудуддаги эмас, балки бутун мамлакат бўйича ўртача ёғингарчилик миқдорига асосланган.







