Колумбия президенти Абелардо де ла Эсприэля мамлакатда содир бўлган 7,4 магнитудали кучли зилзиладан сўнг умуммиллий фавқулодда ҳолат эълон қилди. У бу ҳақда 10 август куни, президентлик лавозимига киришганидан уч кун ўтиб маълум қилди.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, табиий офат оқибатларига қарши курашиш учун мамлакатдаги барча институционал ресурслар сафарбар этилади.

«Биринчи навбатда вайроналар остида қолган одамларни қутқариш керак», — дея президент сўзларини келтирган dpa агентлиги.

Колумбия минтақавий марказлари ассоциацияси маълумотларига кўра, зилзила оқибатида камида 132 киши ҳалок бўлган, яна 570 киши турли даражада жароҳатланган.

Табиий офат бир қатор шаҳарларда катта вайронагарчиликларга сабаб бўлди. Жумладан, Перейра, Кали ва Манисалес шаҳарларида 1500 дан ортиқ турар жой жиддий зарар кўрган.

Тахминан 60 та бино тўлиқ қулаб тушган. Шунингдек, 18 та шифохона ва 52 та мактаб биносига зарар етган. Қутқарув ишлари давом этаётгани боис қурбонлар сони яна ортиши мумкинлигидан хавотир билдирилмоқда.

XXI асрда Колумбияда қайд этилган энг кучли зилзила

Зилзила 10 август куни маҳаллий вақт билан соат 07:34 да содир бўлган.

Колумбия геология хизмати (SGC) маълумотига кўра, зилзила ўчоғи мамлакат ғарбидаги Сан-Хосе-дел-Палмар шаҳри яқинида, тахминан 103 километр чуқурликда жойлашган.

Асосий силкинишдан кейин кўплаб афтершоклар ҳам қайд этилган.

Колумбия геология хизмати мазкур зилзилани XXI асрда мамлакат ҳудудида қайд этилган энг кучли зилзила деб атаган.

АҚШ 15,5 миллион доллар ёрдам ажратади

АҚШ Давлат департаменти 10 август куни зилзила оқибатларини бартараф этиш учун Колумбияга 15,5 миллион долларлик шошилинч ёрдам пакети ажратилишини маълум қилди.

Америка ташқи сиёсат идораси Колумбия халқи билан бирдамлигини билдириб, мамлакат ҳукуматига табиий офат оқибатларини бартараф этишда кўмак беришга тайёрлигини қайд этган.

Янги президент учун дастлабки жиддий синов

Абелардо де ла Эсприэля 2026 йил июнида бўлиб ўтган президентлик сайловининг иккинчи босқичида Иван Сепеда устидан ғалаба қозонган эди.