Соғлом ҳаёт | 17:34
302
2 дақиқада ўқилади

Саратонга қарши курашиш миллий дастури 1 январдан ишга туширилади

«Саратон касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш ва даволаш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Photo: iStock

Қарорга кўра, қуйидагилар саратон касалликларига қарши курашишнинг асосий мақсадлари этиб белгиланди, жумладан:

  • аҳолини энг кўп учрайдиган (бачадон бўйни, кўкрак бези, йўғон ичак, ошқозон, простата бези ва ўпка) саратон касалликлари бўйича мақсадли тиббий текширувлар билан қамраб олиш кўрсаткичини камида 60 фоизга етказиш;

  • аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган саратон касалликларини 1-2-босқичларда аниқлаш даражасини 30 фоиздан 40 фоизгача ошириш;

  • аҳоли ўртасида энг кўп учрайдиган саратон касалликларини 3-4-босқичларда аниқлаш даражасини 65 фоиздан 55 фоизга камайтириш ва бошқалар.

2027 йил 1 январдан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган Саратонга қарши курашиш миллий дастури (Дастур) асосида аҳоли ўртасида ошқозон, йўғон ичак (колоректал), ўпка ва простата бези саратони касалликларини эрта аниқлаш ва уларнинг олдини олиш чора-тадбирлари ҳудудларда босқичма-босқич амалга оширилади.

Қуйидагилар Дастурнинг устувор вазифалари этиб белгиланди:

  • аҳолининг саратон касалликлари хавф омиллари, дастлабки белгилари ва олдини олиш усуллари тўғрисидаги хабардорлигини ошириш;

  • саратон касалликларининг олдини олиш, эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш тизимини такомиллаштириш;

  • тиббий ёрдам сифатини ошириш ва ўлим ҳолатларини камайтириш.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид