Бу ҳақда Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё иқтисодиётига бағишланган 2026 йил октябрдаги ҳисоботида маълум қилинган.
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда иқтисодий ўсишни реал иш ҳақининг ошиши, бандликнинг кенгайиши ва хориждан пул ўтказмалари қўллаб-қувватламоқда. Инфратузилма, энергетика ва уй-жой қурилишига инвестициялар ҳам муҳим омил бўлиб қолмоқда.
Банк баҳолашича, Ўзбекистонда 2025 йилдаги 7,7 фоизлик ўсишдан сўнг жорий йилда кўрсаткич 7,9 фоизга етади. Кейинги йилларда ўсиш суръати бироз секинлашиши кутилмоқда: 2027 йил учун 7,5 фоиз, 2028 йил учун эса 7,1 фоизлик прогноз берилган.
2026 йилги баҳолар бўйича Ўзбекистон ҳисоботда қамраб олинган Марказий Осиё мамлакатлари орасида Қирғизистондан кейин иккинчи ўринда. Қирғизистон иқтисодиёти 9,6 фоизга, Тожикистонники 7,5 фоизга, Қозоғистонники эса 4,6 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Марказий Осиё бўйича умумий ўсиш 5,8 фоиз даражасида баҳоланган. Шу тариқа, Ўзбекистоннинг кутилган кўрсаткичи субминтақа ўртачасидан 2,1 фоиз банд юқори.
Жаҳон банки Марказий Осиё Европа ва Марказий Осиё минтақасининг энг тез ўсаётган қисми бўлиб қолишини қайд этган. Бунга кучли ички талаб ва давлат инвестицияларининг кўпайиши ёрдам бермоқда.
Айни пайтда, ҳисобот қамраб олган Европа ва Марказий Осиёнинг ривожланаётган иқтисодиётларида умумий ўсиш 2025 йилдаги 2,6 фоиздан 2026 йилда 2,2 фоизгача секинлашиши кутилмоқда.
Келтирилган рақамлар йил якуни бўйича тасдиқланган натижалар эмас, Жаҳон банкининг баҳолари ва прогнозларидир.















