Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда тоғ-чанғи мавсуми 120 кунгача узайтирилди
Мисрнинг Ruz al-Yusuf газетаси Ўзбекистонда қишки туризмни ривожлантиришга бағишланган мақола эълон қилиб, тоғ-чанғи мавсумининг 120 кунгача узайтирилганига эътибор қаратди.
“Дунё” АА хабар беришича, нашр мазкур қадамни Ўзбекистоннинг туризм сиёсатидаги тизимли ўзгаришлар ва тоғ курортларини бошқаришда технологик ҳамда барқарор ёндашув кучайгани билан изоҳлаган.
Мақолада мавсумнинг узайишида сунъий қор ҳосил қилиш тизимлари жорий этилгани асосий омил сифатида кўрсатилган. Бу технологиялар қишки туризмнинг иқлим шароитларига боғлиқлигини камайтириб, трассаларнинг узоқроқ вақт барқарор ишлашини таъминлаши таъкидланган. Энг сезиларли ўзгаришлар Тошкент яқинидаги Amirsoy курорти мисолида қайд этилган.
Шунингдек, газета расмий манбаларга таяниб, қишки мавсумни узайтириш ишлари дор йўллари ва бошқа тоғ инфратузилмасини модернизация қилиш билан бирга амалга оширилганини билдирган. Техник янгиланишлар курортлар фаолиятини совуқ об-ҳавода ҳам узлуксиз таъминлашга хизмат қилиши урғуланган.
Материалда тоғли ҳудудларда йўл алоқаси ва сервис яхшилангани, шунингдек, хавфсизлик йўналишида тиббий хизматлар ҳамда туризм полицияси фаолияти кучайтирилгани ҳам тилга олинади.