Суриштирувни энг аввало қайси ошхоналарда чумчуқ гўшти тайёрланиши ҳақида маълумот тўплашдан бошладик. Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги “Улфатлар” ошхонаси, Фарғона вилояти Бувайда туманидаги ошхоналардан бири ҳамда Олтиариқ тумани Зилҳа маҳалласида жойлашган махсус ошхона чумчуқ гўштидан кабоб  ва турли таомлар тайёрлаб сотишини аниқладик. Емакхона телефон рақамларини топиб, ўзимизни мижоз сифатида таништирдик ва ошпазлардан чумчуқ гўштидан тайёрланган овқат бор-йўқлигини сўрадик. Биз сўраган таом ошхоналарда бор экан. Айни кунларда пиширилган бир дона чумчуқ 10 минг сўмгача сотилаётгани маълум бўлди.

1
Фото: imgfave.com
2

Телефон орқали суҳбат асносида ошпазлардан чумчуқлар ошхонага қаердан олиб келинаётгани ҳақида ҳам сўрадик. Улар қушлар овчилар томонидан отилиб, ошхоналарга тарқатилаётганини маълум қилди. Чумчуқларни овлаётган овчиларнинг телефон рақамларини олишга ҳарчанд уринмайлик, бунинг уддасидан чиқа олмадик.

“Думба ёғида қовуриб берайми?”

Чумчуқ кабоб тайёрлайдиган ошхоналарни излаб йўлга отландик.

Биринчи манзил Олтиариқ тумани Зилҳа маҳалласидаги ошхоналардан бири бўлди. Анча овлоқ, атрофини мажнунтоллар пана қилиб турадиган кўл бўйида қурилган ошхона. Бу ерда балиқ, чумчуқ, қашқалдоқдан турли таомлар пиширилиб сотилар экан. Ошхона ходимига ўзимизни хўранда сифатида таништириб баъзи маълумотларни қўлга киритдик.

3
4

Ошпаз совиткичда сақланаётган 200 та чумчуқ гўштини кўрсатиб, донасини 8 минг сўмдан думба ёғида пишириб беришини айтди. Ошпазнинг айтишича, чумчуқлар овчилар томонидан отиб ўлдирилиб, ошхоналарга топширилади. Ошпаздан овчининг телефон рақамини беришини ҳар қанча сўрамайлик, у рақамини ҳеч кимга бера олмаслигини, буни овчининг ўзи тайинлаганини айтиб, илтимосимизни рад этди.

“Суратга олманг”

Кейинги манзил Бувайда тумани марказида жойлашган чумчуқ гўштидан таомлар тайёрлаб сотиш билан шуғулланадиган ошхона бўлди. Ошхона анча машҳур экан. Мижозлари ҳам  кўп. Ошпазнинг, ошхона ходимларининг қўли қўлига тегмайди. Пати тозаланиб, бир парча гўшт ҳолатига келган чумчуқлар ёғ билан тўла, қизиган катта қозонларга солиняпти...