Пулли обуналар ушбу комиссиянинг бир қисмини олиб ташлаш, пулларни кешбэк орқали қайтариш ва стримингдан тортиб телетиббиётгача бўлган қўшимча сервисларни беришни ваъда қилади.

Kun.uz тўлов иловаларида пулли обуналарни қачон улаш фойдали эканини текшириб кўришга қарор қилди. Бунинг учун тўртта оммабоп сервис: Click Premium, Payme Plus, TBC Plus ва Hambi Smart танланди. Қуйида обуналарнинг функциялари, комиссия ва кешбэкларда пул тежаш ҳамда обунани ёқишдан олдин эътибор бериш керак бўлган жиҳатларга назар ташлаймиз.

Қандай обуналар таклиф этилмоқда?

  • Click Premium — ойига 35 000 сўм, 10 млн сўмгача комиссиясиз пул ўтказиш.
  • Payme Plus — ойига 39 990 сўм эвазига «Ҳаммаси ичида» тарифи, 5 млн сўмгача комиссиясиз пул ўтказиш; «Базавий» тарифи ва 4 990 сўмга «Мониторинг» хизмати ҳам бор.
  • Hambi Smart — ойига 25 000 сўм, 20 млн сўмгача комиссиясиз пул ўтказиш.
  • TBC Plus — ойига 29 999 сўм, ҳамкорлардан 5%гача ва ҳар қандай харидларга 1-2% кешбэк.

Payme жамоаси фойдаланувчилар ҳаракати бўйича таҳлилини тақдим этди: обуначиларнинг 40 фоизи ойига 4 990 сўмлик «Мониторинг» хизматини танлайди — P2P ва кешбэксиз, фақат харажатлар таҳлили. «Ҳаммаси ичида» тўлиқ пакетини иловадан фаол фойдаланадиган ва нима учун пул тўлаётганини тушунадиган 10 фоизга яқин фойдаланувчи ишлатади. «Базавий» тарифи эса улуши 1 фоизга яқин бўлган, тор доирага мўлжалланган маҳсулот бўлиб қолмоқда.

Пул ўтказмаларида қандай тежаш мумкин?

Бу барча обуналарнинг асосий функциясидир.

Лимит ва нарх нисбати бўйича Hambi Smart «1 млн лимит» учун энг паст тарифни тақдим этади.

Payme аналитикаси кўрсатишича, обуначиларда транзакциялар частотаси обунасисиз фойдаланувчиларга нисбатан 2–3 баробар юқори. Одамлар албатта кўп пул ўтказмайди, аммо алоҳида операцияларни кўпроқ амалга оширади. Кўпчилик лимитдан қисман фойдаланади; уни тўлиқ ишлатадиганлар эса мунтазам йирик ўтказмалари бўлган фойдаланувчилардир.