Кир ювиш гели, йогурт, колбаса, ширинликлар... Тошкент туманидаги “Навоий” (Қозоғистон томонидан “Қоплонбек”) чегара ўтказиш пунктидан кираётган ўзбекистонликлар рўзғор учун шу каби маҳсулотларни кўтариб киришмоқда. Kun.uz суҳбатлашган ватандошлар Қозоғистонда нархлар арзонроқлигини айтишди.

Хориждан Ўзбекистонга кириб келаётган фуқаролар учун нотижорат мақсадларда товар олиб кириш лимитлари пасайтириляпти. Ҳукумат қарорига кўра, 1 майдан бошлаб самолётда келаётганлар ҳозиргидек 2000 доллар эмас, 1000 долларгача бўлган товарларни божсиз олиб кириши мумкин.

Поездда келувчилар учун эса божсиз лимит 1000 доллардан 500 долларга тушириляпти. Ўзбекистонга автомобилда ёки пиёда кириб келаётганлар учун 300 долларлик чеклов ўзгаришсиз қолади.

Kun.uz мухбири Қозоғистондан қайтаётган ватандошлар ўзи билан шахсий эҳтиёж учун қандай маҳсулотларни олиб ўтаётганига қизиқиб, Тошкент туманидаги “Навоий” (Қозоғистон томонидан “Қоплонбек”) чегара постида бўлди.

Постдан кириб келаётган ватандошларнинг айтишича, улар шахсий эҳтиёжлари учун асосан озиқ-овқат ва рўзғорда фойдаланадиган бошқа маиший маҳсулотларни олиб киришмоқда. Асосий сабаб эса – Ўзбекистон ва Қозоғистондаги нархлар ўртасида сезиларли фарқ борлиги.

Қуйида Kun.uz суҳбатдошларидан иқтибослар келтириб ўтилади.

Биз Қозоғистонга кийим-кечак, қуритилган мевалар каби юкларни ташиймиз. Одамлар Қозоғистондан қайтишда шахсий эҳтиёжлари учун асосан ёғ, гўшт, “памперс” ва “порошок” олиб киришади. Энг кўп кўзим тушганлари шулар”.

Ҳозирги шароитда ҳаммага 10 минг сўм бўлса ҳам иқтисод бўлгани яхши. Шундай қилиб ўтиб-бориб келишяпти, бизга қараганда [Қозоғистонда] арзонроқ, анча фарқ бор-да”.

Мана, болаларимга, невараларимга конфет олиб келяпман. Пенсиям етмайди, 881 минг сўм оламан. Оёғим, белим оғрийди, озгина “лечение” учун, тирикчилигим шу. Бегоналарга эмас, қизларимга, ўғилларимга сотаман. Улар менга пулини беради.

[Қозоғистонда] колбасалар, геллар арзон-да. [Кир ювиш воситасини] 42 минг сўмга олган бўлсам, бизда 90-100 минг сўм, айтинг, нима қилайлик? Болаларимга олиб келаман, “йўл ҳақимни бер” дейман, беришади. Колбаса у ерда 35 минг, бизда 70 минг. Мен уни, тўғрисини айтсам, 45 мингдан сотаман, 10 минггина қўяман болаларимга. Қўшнилар ҳам сўрашади. Гўшт бизда қиммат… Бир хилда шуниям қайтаришади, кўп ўтасиз дейди. 881 минг пенсия нимага етади?”