Жаҳон | 13:19 / 05.01.2026
1020
2 дақиқада ўқилади

Германияда бошпана бўйича берилган аризалар сони 51 фоизга камайди

ГФР Ички ишлар вазирлиги кўрсаткичлар тушишини миграция сиёсатидаги янгиликлар билан изоҳламоқда: чегараларда назорат, оилавий бирлашиш дастурларини бекор қилиш, депортациялар ва фуқаролик олиш қонунларига ўзгартишлар.

Фото: Oliver Baumgart/foto2press

Германияда 2025 йилда бошпана беришни сўраб берилган бирламчи аризалар сони ярмидан кўпроққа қисқарди. Бу ҳақда якшанба, 4 январ куни Reuters агентлиги федерал ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб хабар берди.

Идора қайд этишича, 2025 йилда ГФР ҳудудида қочқин мақомини сўраб 113 236 та бирламчи ариза топширилган. Таққослаш учун: 2024 йилда вазирлик 229 751 та ариза, 2023 йилда эса 329 120 та ариза ҳақида хабар берган эди. Демак, ўтган йилда аризалар сони 51 фоизга, икки йил ичида эса 66 фоизга камайган.

Ички ишлар вазири Александер Добриндт бу ўзгаришларни канцлер Фридрих Мерц раҳбарлигидаги федерал ҳукумат олиб бораётган немис миграция сиёсатидаги ислоҳотлар билан боғлайди.

Хусусан, Добриндтнинг айтишича, Германияга киришда чегара назорати жорий этилиши, оилани бирлаштириш дастури тўхтатиб турилиши, фуқаролик олишнинг тезлаштирилган имкониятлари бекор қилиниши, шунингдек депортациялар сони кўпайиши самара берган.

“Биз миграция жараёнларида тартибни аниқ ва изчил ўрнатяпмиз. Бошпана олиш ҳуқуқи бўлмаганлар келмаслиги керак. Жиноятчига айланганлар эса кетиши шарт”, — дея қўшимча қилди Добриндт.

Бундан олдин Германия федерал ҳукумати Сурияда Асад режими ағдарилгани ва ҳокимият алмашганидан кейин мамлакатдаги фуқаролик уруши якунланган, деб ҳисоблашини билдирган эди. 2025 йил ноябрида канцлер Мерц Сурия фуқароларида Германияда бошпана олиш учун ҳеч қандай асос қолмаганини таъкидлаган.

Декабр ойи охирида ГФР 2011 йилдан бери биринчи марта бир кишини Сурияга депортация қилди. Янги 2026 йилда Германия ҳукумати аввал хавфсиз эмас, деб ҳисобланган Сурия ва Афғонистонга депортацияларни давом эттиришни режалаштирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид