Ўзбекистон | 15:22 / 07.01.2026
2193
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон–2030” стратегияси: мудофаа тизимида янги мақсадлар белгиланади

“Ўзбекистон–2030” стратегияси лойиҳасида жаҳонда кечаётган мураккаб глобал жараёнларни инобатга олган ҳолда Қуролли Кучлар қудрати, мамлакатнинг мудофаа қобилияти ва ҳарбий салоҳиятини янада оширишга қаратилган қатор мақсадли кўрсаткичлар белгиланган.

Фото: Kun.uz

Лойиҳага кўра, Қуролли кучлар резерви учун сафарбарлик ресурсларини кўпайтириш мақсадида ҳар йили резервдаги ҳарбий хизматга мажбурларнинг 2,6 фоизини ҳарбий йиғинларга жалб этиш орқали 2030 йилга қадар мазкур кўрсаткични 13 фоизга етказиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия қўшинлари фаолиятига ҳимояланган автоматлаштирилган бошқарув ва ахборот тизимларини жорий этиш, замонавий алоқа ва криптографик ҳимоя воситалари билан таъминлаш, катта ҳажмдаги маълумотлар базасини яратиш ҳамда ахборот технологиялари ва сунъий интеллектдан фойдаланиш орқали қўшинларни рақамлаштириш даражасини 85 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Ҳарбий хизматчиларнинг касбий маҳоратини ошириш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш самарадорлигини кучайтириш доирасида қўшинларни 282 та замонавий тренажёрлар билан таъминлаш, олис гарнизонларга инфомобиллар ажратиш, “Армия ва ёшлар – бир тан-у бир жон” тамойили асосида тўгараклар ва бошқа ҳарбий-ватанпарварлик тадбирларини ташкил этиш ҳамда уларга қамровни 675 минг нафарга етказиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Мудофаа вазирлиги ва Миллий гвардия тизимларида кадрлар соҳасини тўлиқ рақамлаштириш, кадрлар ҳисоби бўйича ягона платформа яратиш ва уни “Электрон ҳукумат” тизими билан интеграция қилиш вазифаси белгиланган.

Ёшларни ҳарбий хизматга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган 7500 нафар ЧҚБТ раҳбарларининг малакасини замонавий таълим стандартлари асосида мунтазам ошириб бориш, ўқув жараёнини услубий жиҳатдан таъминлаш ҳам кўзда тутилган.

Ижтимоий ҳимоя йўналишида эса Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчилари ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш мақсадида 8500 нафар ҳарбий хизматчи (пенсионерлар)ни турар жой билан таъминлаш режалаштирилган. Шунингдек, давлат дастури доирасида уй-жойнинг 1 кв. метри учун белгиланган давлат маблағлари миқдорини босқичма-босқич ошириш (Тошкент шаҳрида камида 35 фоизга, вилоятларда 75 фоизга) орқали ижтимоий қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш мақсад қилинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид