Ботир Баҳромович Қудратхўжаев Ўзбекистон мудофаа вазири лавозимига тайинланди. Унинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланди.

Ботир Қудратхўжаев 1975 йилда туғилган, 1997 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

У ўз фаолиятини ҳарбий прокуратурада бошлаган, турли йилларда Тошкент вилояти ҳарбий прокурори, Шарқий ҳарбий округ ҳарбий прокурори, Ўзбекистон ҳарбий прокурорининг биринчи ўринбосари вазифаларида ишлаган.

Кейинроқ Сурхондарё вилояти прокурори (2014-2016), Тошкент шаҳри прокурори (2016-2017), Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси директори (2017-2020), Хоразм вилояти прокурори (2020-2022), Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари – ҳарбий прокурор (2022-2025) лавозимларида фаолият кўрсатган. 2025 йил февралидан Фавқулодда вазиятлар вазирлигига раҳбар бўлган ва генерал-майор унвонини олган, 2026 йил январида Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Тезкор қидирув департаменти бошлиғи лавозимига тайинланганди.

Ўз навбатида, Шуҳрат Ғайратжонович Холмуҳамедов мудофаа вазири лавозимидан озод этилган. Президент матбуот хизматига кўра, у бошқа ишга ўтказилган.

Фото: Президент матбуот хизмати
Шуҳрат Холмуҳамедов

У бу лавозимда 2024 йил ноябридан буён ишлаб келаётганди.