Агентлик вакиллари Флоридадаги Кеннеди космик марказида ўтказилган матбуот анжуманида парвоз босқичлари ҳақида маълум қилди. NASA’нинг «Артемида» дастури раҳбари Жереми Парсонс бу жараённи агентлик амалга оширган энг мураккаб учириш кампанияларидан бири бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Миссияда NASA’нинг Space Launch System (SLS) ракетаси, SpaceX’нинг Starship тизими ва Blue Origin’нинг New Glenn ракетаси иштирок этади. Уларнинг барчаси Флоридадаги космодромлардан учирилиши режалаштирилган.

Аввал Blue Moon, кейин астронавтлар учирилади

Режага кўра, дастлаб New Glenn ракетаси Blue Moon қўниш модулини паст Ер орбитасига олиб чиқади. Кейин SLS ракетаси Orion кемасини «Артемида III» экипажи билан учиради.

Экипаж таркибига NASA астронавтлари Рэнди Бресник, Андре Дуглас ва Фрэнк Рубио, шунингдек, Европа космик агентлиги вакили Лука Пармитано киритилган.

SLS Orion’ни дастлаб баландлиги тахминан 29 километрдан 1806 километргача ўзгариб турадиган эллиптик орбитага чиқаради. Шундан сўнг кема ўз двигателлари ёрдамида тахминан 555 километр баландликдаги орбитага ўтади.

Бу босқичда кеманинг ҳарорат режимини назорат қилишга алоҳида эътибор қаратилади. Orion узоқ космосга парвозлар учун яратилгани сабабли паст Ер орбитасида унинг иссиқлик мувозанатини сақлаш мураккаброқ бўлади.

Астронавтлар Blue Moon ичидаги тизимларни текширади

Парвознинг дастлабки икки кунида экипаж Orion ва унинг тизимларини текширади. Учинчи куни кема тахминан 439 километр баландликда Blue Moon билан учрашиши ва туташиши керак.

Кейинги икки кун давомида астронавтлар люкни очиб, қўниш модулига ўтади. Улар ҳароратни бошқариш, ҳаётни таъминлаш ва ички муҳитни назорат қилиш тизимларини синайди. Шунингдек, аппарат герметик бўлинмада зарур босимни сақлай олиши текширилади.

Экипаж фавқулодда вазиятлардаги ҳаракатларни ва ўзаро туташган икки кемани бошқаришни ҳам машқ қилади. Парвозни бошқариш марказларининг бундай операцияларга тайёрлиги баҳоланади.

Starship билан туташув икки соат давом этади

Blue Moon билан синовлар тугагач, тахминан миссиянинг олтинчи куни Starship учирилади. Унинг бурун қисмига махсус туташув адаптери ўрнатилади.