Ўзбекистон | 18:52 / 23.01.2026
3234
4 дақиқада ўқилади

Давлат ва маҳалла ўртасида янги, ўзига хос “ижтимоий шартнома” тизими бўлади – президент

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилдаги асосий вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда таъкидланишича, қайси маҳалла раиси ўз ҳудудини ихтисослаштирса, хонадонлар даромадини 3-4 карра оширса, йўл, сув, суғориш тармоғини яхшилаш учун яна 2 миллиард сўмдан ажратилади.

Йиғилишда президент ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш учун маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш зарурлигини таъкидлади.

Бугунги кунда 903 та “оғир” маҳаллада 100 минг гектар томорқа ва ижара ерлари бор. Агар ҳокимлар “еттилик” билан сув таъминотини яхшилаб, уруғ-кўчат етказиб, ихтисослашувни тизимли йўлга қўйса, у ердаги одамларни даромадида, турмуш шароитида кескин ўзгариш қилиш мумкинлиги таъкидланди.

Масалан, Нишон туманидаги Оқолтин маҳалласига насосда сув чиқарилгани учун 25 йил томорқасига экин экмаган 280 та хонадон 50-60 миллион сўм даромад олишни бошлади. Буни уддалаган маҳалла аҳолиси бугун ички йўллар ҳолатини яхшилашни сўраяпти. Давлат раҳбари эртагаёқ бунга 1,5 миллиард сўм ажратишни топширди.

“Марҳамат, яна қайси маҳалла раиси ўзи бош бўлиб, аҳоли кўникмасига қараб, ҳудудни ихтисослаштирса, хонадонларнинг даромадини 3-4 карра оширса, йўл, сув, суғориш тармоғини яхшилаш учун яна 2 миллиард сўмдан ажратишга тайёрман. Бу давлат ва маҳалла ўртасида янги, ўзига хос “ижтимоий шартнома” тизими бўлади”, деди президент.

Маҳаллада ихтисослашувни рағбатлантирадиган қўшимча молиявий механизмлар ҳам йўлга қўйилади. Хусусан, томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларига:

– сертификати бор кўчатларни сотиб олиш харажатининг ярми бюджетдан қоплаб берилади;

– меванинг турига қараб, “шпалер”лар учун 20 минг сўмдан 70 минг сўмгача субсидия ажратилади;

– томорқасига томчилаб суғоришни жорий қилганларга ҳар 1 сотих учун 160 минг сўм компенсация тўланади.

Агар уста деҳқонлар маҳалладаги ҳар 10 та хонадонда экспортбоп маҳсулот етиштиришни йўлга қўйса, 2 миллион сўм, буни томорқаси бор хонадонларнинг камида 30 фоизида қилса, яна 75 миллион сўмдан мукофот олади.

Жорий йил 2 минг гектар ўрмон ери 4 минг камбағал оилага 50 сотихдан тутзор қилиш учун 10 йилга бепул берилади. Бунда пилла кооперативини тузиш учун эҳтиёжманд оилаларга 4 миллион сўмдан субсидия ажратилади.

Бундан ташқари, уйида пилла етиштириш истагидаги эҳтиёжманд оилаларга хонани жиҳозлаш ва ускуна олиш учун 20 миллион сўмгача фоизсиз ссуда берилади.

Жорий йилда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга 140 триллион сўм кредит ажратилиши белгиланган.

“Очиқ айтиш керак, ҳозир банклар таклиф қилаётган кредитлар барча туман ва шаҳарлар учун бир хил. Энди ўзингиз айтинг, Олмазор билан Бўзатовдаги имконият ва шароитни таққослаб бўладими? Лекин оилавий тадбиркорлик учун иккала туманга бир хил, 17,5 фоизли кредит ажратиляпти. Энди 37 та “оғир” туманда ушбу дастур доирасида кредитлар 12 фоиздан берилади”, деди президент.

Барча туманда оилавий тадбиркорлик бўйича имтиёзли кредитнинг энг кўп миқдори 1,5 карра кўпайиб, 50 миллион сўмга етказилади. Бунда импорт қилинган ва сертификатли наслли чорва учун 100 миллион сўмгача кредит берилади. Уй меҳмонхона, кичик ҳажмли музлаткич, маҳсулотни сақлаш ва қайта ишлаш мини технологияси учун 150 миллион сўм гаровсиз кредит ажратилади.

Чегара ва анклав ҳудудда жойлашган 562 та маҳалладаги тадбиркорлик лойиҳаларининг кредит миқдори 1 миллиард сўмгача оширилади.

Бунинг учун жорий йилда оилавий тадбиркорлик дастурларига режа қилинган 3,6 триллион сўмга қўшимча яна 2 триллион сўм ресурс йўналтирилиши белгиланди.

Маҳаллалар ихтисослашувини чуқурлаштириш учун бу йил банклар 17 триллион сўмлик кредит ажратади. Бу жараёнда маҳсулот етиштиришга олинган кредитнинг 4 фоизи, уни қайта ишлаш лойиҳасида эса 6 фоизи қоплаб берилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид