Иқтисодиёт | 12:01
638
2 дақиқада ўқилади

Олтин нархи тарихда биринчи марта унция учун 5000 доллардан ошди

Олтин йиллик нисбатда 80 фоиздан кўпроққа, охирги 3 йил ичида эса 2,6 баробарга қимматлашди. Нархларнинг кескин ошиши геосиёсий кескинликнинг сақланиб қолаётгани, доллар курсининг пасайиши ҳамда АҚШ Федерал захира тизимининг (ФЗТ) асосий фоиз ставкасини тушириши мумкинлиги ҳақидаги кутилмалар фонида юз беряпти.

Фото: iStock

25 январ кунги савдоларда олтин нархи тарихда илк бор бир унцияси учун 5 минг доллардан ошди. Айни пайтда нархлар 5100 долларга яқинлашяпти.

Қимматбаҳо металл йиллик нисбатда 80 фоиздан кўпроққа, охирги 3 йил ичида эса 2,6 баробарга қимматлашди.

Инвесторлар учун “хавфсиз бандаргоҳ” ҳисобланган олтин геосиёсий кескинлик кучайиши, АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг тариф урушлари, ривожланаётган мамлакатлар марказий банкларининг захираларга олтинни фаол харид қилаётгани фонида сезиларли даражада кўтариляпти. Бундан ташқари, доллар курсининг пасайиши ҳамда АҚШ Федерал захира тизимининг (ФЗТ) асосий фоиз ставкасини тушириши мумкинлиги ҳақидаги кутилмалар қимматбаҳо метални янада жозибадор активга айлантирди.

Прогнозлар қандай?

ICBC Standard Bank’нинг хомашё бозорлар бўйича катта стратеги Жулия Ду олтин нархи бир унция учун 7150 долларгача кўтарилиши мумкинлигини прогноз қилмоқда. Банк ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йилда олтиннинг ўртача нархи 6050 долларни ташкил этади. Кутилаётган савдо диапазони эса 4100–7150 доллар оралиғида бўлиши мумкин.

Goldman Sachs’нинг хомашё бозорларини тадқиқ этиш бўлими раҳбари Дан Струйвеннинг таъкидлашича, хусусий инвесторлар сармояларини турли каналлар орқали олтин харид қилиш ҳисобига диверсификация қила бошлаган. Олтин билан таъминланган ETF’ларга маблағ оқими ушбу силжишнинг яққол далилларидан бири ҳисобланади, бироқ чакана талабни институционал оқимлардан аниқ ажратиш қийин.

«Биз олтиннинг 2026 йил декабр ойидаги нархи бўйича прогнозни бир троя унцияси учун 5400 долларгача оширдик, чунки ўсишнинг асосий хавфи олтин ҳисобига хусусий инвестицияларнинг диверсификацияланиши амалга ошишни бошлади», деди Струйвен.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров

Мавзуга оид