Навоий кон-металлургия комбинати 2026 йил январ–июн ойларида 1,51 млн трой унция олтин ишлаб чиқарди. Бу – бир йил аввалги 1,54 млн трой унциядан бироз камроқ.

Ишлаб чиқариш қисқарган бўлса-да, олтин нархлари кўтарилиши фонида компаниянинг ярим йиллик соф фойдаси ўтган йилнинг мос давридан 57,2 фоизга ошиб, 2,38 млрд долларга етган. Бу ҳақда Kun.uz'га комбинат матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида соф тушум 49,9 фоизга ошиб, 7,067 млрд долларга етган. Операцион фойда эса йиллик ҳисобда 60,5 фоизга ошиб, 4,511 млрд долларни ташкил этган.

Мослаштирилган EBITDA (фоизлар, солиқлар, амортизация ва эскириш харажатлари ҳисобга олинмасидан олдинги фойда) 4,889 млрд доллар бўлиб, бир йил ичида 59,8 фоизга ошган. EBITDA маржаси 64,9 фоиздан 69,2 фоизгача кўтарилган.

Олтин қазиб олиш қимматлашган

Шу билан бирга, НКМКда бир унция олтиннинг ишлаб чиқариш ва қўллаб-қувватлаш бўйича умумий харажати (AISC) сезиларли ошган.

2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида AISC 1 647 долларни ташкил этган. 2025 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 1 164 доллар эди. Яъни харажатлар 41,5 фоизга ошган.

Компания буни, жумладан, олтин нархининг юқорилаши ортидан роялти тўловларининг кўпайиши, инфляция сабаб материаллар қимматлашиши ҳамда “Мурунтов” конини ривожлантириш лойиҳаси доирасидаги харажатларнинг ортиши билан изоҳлаган. Бундан ташқари, сўмнинг долларга нисбатан мустаҳкамланиши AISC кўрсаткичининг бир унция ҳисобида яна 101 долларга ошишига олиб келган.

НКМК инвестицияларни ҳам оширди

Ҳисобот даврида компаниянинг инвестицион фаолиятга йўналтирган соф маблағлари 543 млн долларни ташкил қилган. Бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31,8 фоизга кўп. Маблағлар амалдаги конларда ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, тоғ-кон техникалари паркини кенгайтириш ва янги ресурсларни аниқлашга қаратилган геология-қидирув лойиҳаларига йўналтирилган.

Компаниянинг қарз юкламаси эса камайган: соф қарзнинг мослаштирилган EBITDAга нисбати 0,5x дан 0,3x гача тушган. 30 июн ҳолатига НКМК қарз портфелида 2025 йил майида Лондон фонд биржасида жойлаштирилган 500 млн долларлик ва 2024 йил октябрида чиқарилган 1 млрд долларлик халқаро облигациялар мавжуд бўлган.