Ўзбекистон Марказий банки захира активларининг бир қисмини халқаро бошқарувчиларга бериш имкониятини кўриб чиқяпти. Бу ҳақда регулятор раиси Тимур Ишметов 18 сентябр куни Тошкентда ўтказилган Давлат активларини бошқариш бўйича халқаро форумда маълум қилди.
МБ раисининг таъкидлашича, 1 сентябр ҳолатига Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 72 млрд доллардан ошди. Бу мамлакат импортини бир йилдан ортиқ муддат давомида қоплаш имконини беради. 2026 йилнинг биринчи ярмида Марказий банк олтин захираларини қарийб 50 тоннага кўпайтирган. Бу дунё марказий банклари орасидаги энг катта иккинчи ўсиш ҳисобланади.
Тимур Ишметов 2020 йилда регулятор Жаҳон банкининг захираларни маслаҳатлашиш ва бошқариш бўйича ҳамкорлик дастурига қўшилгани, 2024 йилда эса илк бор АҚШ ғазначилик облигациялари харид қилинганини ҳам қўшимча қилиб ўтди.
«Активлар турлари, валюталар ва контрагентларни янада диверсификация қилиш йўлида ҳаракат қиляпмиз. Бу қарорни фақатгина ўз қарашларимизга таяниб қабул қилиш ниятида эмасмиз», деди МБ раиси.
Мазкур йўналишдаги қадамлардан бири активларнинг бир қисмини ташқи бошқарувга ўтказиш бўлади. Бу Марказий банк мутахассисларига дунёдаги профессионал экспертлар билан бирга ишлаш ва уларнинг тажрибасини ўзлаштириш имконини беради.

















