Таълим | 09:30
790
3 дақиқада ўқилади

Туркий давлатлар халқаро университети очилиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Туркия олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвар билан учрашди. Мулоқотда қўшма таълим дастурлари, илмий ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари ижроси, Туркий давлатлар халқаро университети лойиҳаси ҳамда Юнус Эмре институти маданият маркази филиалини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Фото: Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги

2026 йил 28 январ куни Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда Туркия олий таълим кенгаши раиси Эрол Ўзвар иштирокида икки мамлакат олий таълим, фан ва инновациялар соҳаси раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув аввалида томонлар сўнгги йилларда Ўзбекистон–Туркия муносабатлари кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилганини, хусусан, олий таълим, фан ва инновациялар йўналишларидаги ҳамкорлик изчил кенгайиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған таклифига биноан 29 январ куни Туркияга амалга оширадиган расмий ташрифи икки томонлама алоқаларни, жумладан таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Музокараларда олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида ҳамкорликнинг мавжуд ҳуқуқий асослари кўриб чиқилди. Жумладан, икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида илм-фан салоҳияти, муҳандислик ишланмалари ва юқори технологиялар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим, шунингдек, соҳавий идоралар ўртасида имзоланган англашув меморандумларининг амалий ижроси муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, 2022–2024 йилларда Измир, Самарқанд ва Истанбул шаҳарларида ўтказилган Ўзбекистон–Туркия таълим форумлари натижалари, мазкур форумлар доирасида олий таълим муассасалари ўртасида ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари таҳлил қилинди. Айни пайтда қўшма таълим дастурлари бўйича амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар ва келгусида ушбу йўналишни янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда Туркий давлатлар халқаро университетини ташкил этиш лойиҳасининг амалий босқичлари ҳам муҳокама қилинди. Уни тўлиқ йўлга қўйиш мақсадида профессор-ўқитувчиларни жалб этиш, электрон таълим ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш каби масалалар юзасидан Туркия томонининг кўмаги муҳим экани таъкидланди.

Бундан ташқари, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида Юнус Эмре институти маданият маркази филиалини ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди. Томонлар ушбу ташаббус икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этди.

Учрашув якунида томонлар олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, қўшма таълим ва илмий лойиҳаларни кенгайтириш ҳамда мавжуд ташаббусларни самарали амалга оширишга тайёр эканини билдирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид