Ўзбекистон | 19:59 / 27.01.2026
18847
3 дақиқада ўқилади

Тариф режасини ўзгартириш бепул – Мобил алоқа хизмати қоидалари ўзгартирилди

Рақамлаштириш вазирининг буйруғи билан, мобил алоқа истеъмолчиларига қулайликлар яратилмоқда: тариф режасини ўзгартириш бепул бўлади; абонент тўлови ёки хизмат учун тўловни ечиб олишда абонентнинг ҳисобини қарздорлик ҳолатига келтириб қўйиш тақиқланади; салбий балансга эга абонент рақами 1 йил давомида эгасининг номида қолади; рақамни сақлаб қолган ҳолда бошқа компанияга ўтиш 20 дақиқа ичида амалга оширилади. Абонентнинг розилигисиз хизматларни автоматик улашга ёки дастлаб бепул бўлган хизматларни пуллик қилишга йўл қўйилмайди.

Фото: Getty images

Ўзбекистонда Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш қоидаларининг янги таҳрири қабул қилинди. Рақамли технология вазирининг тегишли буйруғи 26 январ куни Адлия вазирлигида давом рўйхатида ўтказилди.

Ҳужжатда истеъмолчиларга қулайлик яратувчи қатор янгиликлар белгиланди.

Жумладан, мобил алоқа абонентлари шахсий ҳисобида маблағ хизмат кўрсатишни давом эттириш учун етарли бўлмаганда мобил алоқа оператори ва абонент ўртасида тузилган шартномани бекор қилиш («мавжуд бўмаган рақам ҳолатига ўтказиш») муддати 2 ойдан 1 йилга узайтирилади.

Абонентлар амалдаги тариф режасини исталган бошқа тариф режасига бепул алмаштириши мумкин бўлади (бундан муайян гуруҳ ёки маълум чекланган ҳудуд учун ишлаб чиқилган алоҳида тариф режаларига ўтиш мустасно).

Амалдаги тарифлар шартлари ўзгарганда, абонентлар бу ҳақда камида 15 кун олдин оммавий ахборот воситалари, расмий веб-сайт ёки SMS хабарномалар орқали мажбурий тартибда хабардор қилинади.

Тариф режаси бўйича абонент тўлови ва хизмат учун маблағ ечишда ҳисобни салбий ҳолатга (қарздорлик ҳолатига) келтириш тақиқланади.

Мобил алоқа тармоқларида абонент рақамини кўчириш 8 иш соатида эмас, балки 20 дақиқа ичида амалга оширилади. 

Хизмат кўрсатиш пунктига бориш имконияти бўлмаган фуқаролар учун яшаш жойига бориш, олис ва етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктларида сайёр мобил алоқа хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилади.

Президент виртуал қабулхонасининг ишонч телефонларига кеча-кундуз бепул қўнғироқ қилиш мумкинлиги белгиланди.

Мобил алоқа абонентларига қўшимча пуллик хизматларга обуна бўлиш бўйича контент хизматлари кўрсатишнинг қуйидаги янги тартиби белгиланди:

  • хизматларни активация қилиш операторларнинг мобил иловалари ёки USSD кодлар орқали амалга оширилади;
  • абонентнинг розилик тасдиғини олмасдан хизматларни автоматик улашга ёки дастлаб бепул бўлган хизматларни пуллик қилишга йўл қўйилмайди;
  • контент провайдерлари томонидан абонентларга тақдим этиладиган барча пуллик хизматлар дастлаб нофаол ҳолатда бўлиши керак.

Мазкур ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ойдан кейин (27 апрелдан) кучга киради.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев

Мавзуга оид