Иқтисодиёт | 16:20 / 28.01.2026
6013
3 дақиқада ўқилади

Янгиланган статистикада газ қазиб олишда 3,3 млрд кублик тафовут пайдо бўлди

2024 йилда Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми 44,6 млрд кубдан 41,3 млрд кубга камайтирилди. Ўртадаги фарқ – 3,3 млрд куб метрни ташкил этиб, бу қиймат жиҳатдан тахминан 650-700 млн долларга тенг бўлиши мумкин. Рақамларнинг бирдан ўзгариб қолгани бўйича расмийлардан изоҳ бўлмади.

Фото: Kun.uz

2024 йилда Ўзбекистонда газ қазиб чиқариш 4,5 фоиз эмас, балки 11,5 фоизга камайгани маълум бўляпти. Хусусан, 2025 йил якуни бўйича эълон қилинган саноат статистикасига кўра, 2024 йилда 41,3 млрд куб, 2024 йил якуни бўйича эълон қилинган ҳисоботда эса 2024 йилда 44,6 млрд куб газ қазиб олингани кўрсатилган. Ўртадаги фарқ – 3,3 млрд куб.

Янгиланган рақамларга кўра, 2021-2025 йилларда Ўзбекистонда газ қазиб олиш қуйидагича ўзгарган:

3,3 млрд куб газ қўшиб ёзилганмиди ёки бу хатоликми?

Иқтисодчи Отабек Бакиров 3,3 млрд куб газ бир ойлик қазиб олиш ҳажмига тенг бўлишига урғу бериб, мустақил ўрганишлар ва суриштирувлар ўтказиш кераклиги ҳақида ёзди.

«Эълон қилинган маълумотлар тўғри бўлса, 2024 йил кўрсаткичларига камида 3,3 млрд куб газ қўшиб ёзилган ёки хатолик бўлиб чиқади (агар хатоликка йўйсак, йиллик қазиб олишга нисбатан 8 фоиз ёки нақ бир ойлик қазиб олинадиган газ ҳажми).

3,3 млрд куб газ минтақамиздаги шаклланган нархларда 650-700 млн долларлик газ дегани. Буни қанақадир хатолик билан изоҳлаш ё кўз юмиш қийин, эҳтимолки, калаванинг учини кимдир топса, бу рақам газ қазиб олиш, импорти ва экспорти ўртасидаги ўртамчи схемалар учун тенгламанинг жавоби бўлади (ўзлаштирилган субсидияларнинг ҳам). Бир йил ўтгунча ҳеч ким билмаганми? Лекин бунинг учун мустақил ўрганишлар ва суриштирувлар керак, агарда калаванинг учи ростданам қизиқ бўлса. Янги рақамлар асос қилиб олинса, 2024 йилда газ қазиб олиш 5,4 млрд кубга қулаган бўлиб чиқади», дейди иқтисодчи.

Kun.uz вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Миллий статистика қўмитаси билан боғланди, аммо аниқ жавоб ололмади. Шу билан бирга, мазкур ҳолат бўйича на Энергетика вазирлиги, на Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, на «Ўзбекнефтгаз» расмий муносабат билдиргани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабр ойи ўрталарида аввалига Ўзбекистон президентининг энергетик хавфсизлик бўйича вакили Алишер Султонов, кейин эса «Ўзбекнефтгаз» АЖ раҳбари Баҳодир Сиддиқов ишдан олинганди.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров

Мавзуга оид