Ўзбекистон | 18:23
9968
4 дақиқада ўқилади

“Ўзбекнефтгаз” ва Давактивда катта тафтиш кетмоқда

“Ўзбекнефтгаз”нинг собиқ раиси Баҳодир Сиддиқов ва Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов терговга тортилгани ҳақида ҳозирча расман тасдиқланмаган маълумотлар бор. Давлат раҳбари бу икки идорада “катта тафтиш” кетаётганини айтиб, уларга масъул ДХХ ходимларининг ҳам жавобгарлигини кўриб чиқишни буюрди.

Ўзбекистондаги энг йирик газ қазиб олувчи компания – давлатга қарашли “Ўзбекнефтгаз” ширкатининг собиқ раиси Баҳодир Сиддиқов коррупцияда гумонланяпти. Kun.uz манбасига кўра, Сиддиқов эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Унга нисбатан давлат маблағларини талон-торож қилиш ва бошқа айбловлар илгари суриляпти.

Бундан ташқари, хусусийлаштириш сиёсатининг бош ижрочиси – Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Акмалхон Ортиқов ҳам қамоққа олинган.

Бу икки ҳолат тўғрисида 27 январ кунги селекторда президент Шавкат Мирзиёев ҳам гапириб ўтди. Давлат раҳбарининг айтишича, ҳозир “Ўзбекнефтгаз” компанияси ва Давлат активларини бошқариш агентлигида катта тафтиш кетяпти. Иккала ташкилотда ҳам миллиард-миллиард сўмлик талон-торожликлар аниқланган.

Мисол учун, Давлат активларини бошқариш агентлигининг мансабдор шахслари бозор қиймати камида 250 млрд сўмлик ер участкасини ёпиқ аукционга чиқариб, 120 млрд сўмга сотиб юборган. Шу сабабли куни кеча агентлик директори Акмалхон Ортиқов ишдан олинган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев бу ҳақда гапираркан, бир саволни ўртага ташлади: “Бу идораларда йиллар давомида коррупция авж олган бўлса, хавфсизлик масалалари учун масъуллар қаерга қараган?”

Президент ДХХ раисига топшириқ берди: махсус хизматларнинг “Ўзбекнефтгаз” ва Давактивга масъул ходимларининг жавобгарлиги кўриб чиқилади.

“Сотилган давлат мулклари бўйича ҳар бир ҳолатни синчковлик билан текшириб, барча коррупциявий схемаларни фош қилсин ва жазо муқаррарлигини таъминласин”, – деди давлат раҳбари.

Баҳодир Сиддиқов декабр ойида "Ўзбекнефтгаз" раислигидан ҳурмат билан кузатилганди. / Фото: "Ўзбекнефтгаз" матбуот хизмати

2023 йил март ойидан бери “Ўзбекнефтгаз”ни бошқариб келган Баҳодир Сиддиқов 2025 йил декабр ойи ўрталарида ишдан олинган эди. Ўшанда у билан бир вақтда президентнинг энергетик хавфсизлик бўйича вакили Алишер Султонов ҳам ишдан бўшатилган эди. Бу истеъфолардан кейин Абдуғани Сангинов “Ўзбекгидроэнерго” раҳбарлигидан “Ўзбекнефтгаз” раислигига ўтказилди ва тизимда аввалги раҳбарлар даврида муаммолар кўпайиб кетгани очиқ айтила бошлади.

Хусусан, бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров нефт-газ соҳаси учун жуда катта имкониятлар қилиб берилаётганига қарамай, кутилган натижаларга эришилмаётганини танқид қилганди. Орадан бир ой ўтиб, Қўчқоров ва Сангинов давлат раҳбари ҳузурида газ қазиб чиқаришдаги давомли пасайишни тўхтатиш ваъдаси билан тақдимот ўтказишди.

Акмалхон Ортиқов 6 йил давомида хусусийлаштириш жараёнларининг бош ижрочиси бўлди. / Фото: Президент матбуот хизмати

Акмалхон Ортиқовга келсак, аксар жамоатчилик уни яхши танимайди, чунки ҳукуматдаги энг ёпиқ амалдорлардан бири эди. Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбарлигига 2020 йил декабр ойида келган бўлса, шундан бери ўзи ҳам, матбуот котиби ҳам кўплаб шубҳали хусусийлаштириш битимлари юзасидан жамоатчилик саволларига мутлақо жавоб бермай келди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда унга нисбатан терговни ДХХ олиб бораётгани айтилган.

Камида 250 миллиард сўмлик ер участкасини ёпиқ аукцион орқали икки баробар арзонига сотиб юбориш ҳолати қачон ва қаерда рўй бергани – маълум эмас. Бу даражадаги йирик коррупцион кейс тафсилотлари очиқланадими, мансабдорлар устидан суд жараёнлари очиқ-ошкора бўладими – буни вақт кўрсатади.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев

Мавзуга оид