Ўтган ҳафтада Энергетика вазирлиги метан «заправкалар» ишига вақтинча чеклов жорий этилганини маълум қилганди. Бу ҳаво ҳарорати пасайиши ва табиий газга талаб ошиши ортидан айрим ҳудудлардаги қувурларда босим пасайгани билан изоҳланганди. Kun.uz’га водий вилоятларидан қатор мурожаатлар келяпти. Таъкидланишича, «заправкалар» ишлаши керак бўлган вақт оралиғида ҳам очилмаяпти.
«Метанда юраман, тирикчилик машинага боғлиқ. Бензин қимматлик қиляпти. «Заправкалар» қачон очилиши мумкинлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ, вақтимни беҳудага кутиш билан сарфлаб юборяпман. Ишларимни ҳам режалаштира олмайман, шу бўйича тизимли ишлашса яхши бўларди», дейди мурожаатчилардан бири.
Вазият айниқса Фарғонада жиддийлашган. Ушбу вилоятда 25-26 январ кунлари газ «заправкалар» ёпиқлиги ва жамоат транспорти метан қуя олмагани учун автобуслар ишлай олмаган. Бу республика магистрал тармоғида газ танқислиги мавжудлиги билан изоҳланди.
Энергетика вазирлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, махсус техникалар ва жамоат транспортлари учун 25 январ куни 1,5 млн куб метр, 26 январ куни эса 2,5 млн куб метр газ етказиб берилган.
«Фарғона вилоятида соат 12:00 дан 15:00 гача бўлган вақт оралиғида жамоат транспорти ва коммунал хизмат транспорти учун 22 та, Тошкент вилоятида 14:30 дан 17:30 гача 20 та метан газ қуйиш шохобчаси орқали хизмат кўрсатилди. Қолган ҳудудларда ҳам бу йўналишда ишлар давом эттириляпти», дейилади вазирлик хабарида.
Иқтисодчи Отабек Бакиров «заправка»ларга етказиб берилаётган газ миқдори жуда ҳам камлигига ишора қилиб, тизимни танқид остига олди.
«Энерговазирликнинг 25 январ кунига оид ахборотига нисбатан йиғлашниям, кулишниям билмайсан. Водийда 417 та «заправка» фаолият кўрсатганини иддао қилган энергетикларга кўра, шу «заправка»ларга 81,8 минг куб газ берилган. Яъни битта «заправка»га ўртача 196 куб газ тарқатилган. Маълумот учун, битта 12 метрли автобусни тўлдиришга камида 200-250 куб газ керак бўлади», дея ёзди иқтисодчи.








