2011 йил 15 февралда Ливия пойтахти Триполида Қаззофий режимига қарши бошланган намойишлар фуқаролар урушига айланиб кетди. 

Қаззофий исёнчилар эгаллаб олган шаҳарларни бомбардимон қилишга буйруқ берди. Ғарб коалицияси кучлари БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюциясига мувофиқ полковник режимига қарши ҳарбий операция бошлашга қарор қилди.

2011 йил 22 августда қўзғолончилар НАТО кўмагида Триполини эгаллади. Қаззофий пойтахтдан қочишга мажбур бўлди.

«Шаҳидларимиз уни [Қаззофийни] қўлга олишиб…, касалхонага олиб кетишаётганди. У оёғидан яраланганди ва уни Сиртдан Мисуратага олиб кетишаётганди. Ўша ҳудудда жадал отишмалар содир бўлаётганди. Натижада унинг бошига ўқ тегди ва у ҳалок бўлди… Бу қасддан қилинмаганди», — деб таъкидлаган Ливия Миллий ўтиш кенгаши аъзоси Муҳаммад Сайеҳ Қаззофий ўлимининг эртасига.

Сирт — Ливия шимолидаги Қаззофий туғилган шаҳар. 2011 йил октябрида у охирги тарафдорлари билан бирга қўзғолончилардан қочиб, шу ерга келганди. Бир вақтлар ўз мамлакатида чексиз ҳокимиятга эга бўлган инсон ёнида унга энг садоқатли кишиларгина қолганди.

«Биз ҳаммаси тугаганини тушунардик. Қаззофий “Мени Халқаро жиноий суд қидирмоқда. Мени ҳеч қайси мамлакат қабул қилмайди. Ливияликлар қўлидан ўлганим яхши”, деди», — деб эслаган охирги дақиқаларгача Қаззофийнинг ёнида бўлган шахсий қўриқчилар раҳбари Мансур Дау.

«[Қаззофий] бизга ким қўрқаётган бўлса кетиши мумкинлигини, аммо ўзига нисбатан Халқаро жиноий суд ордери борлигини айтди. У қўшни мамлакатларга қочиб бориб, уларни ноқулай аҳволга солишни истамаслигини билдирди», — деб аниқлик киритган Қаззофий хавфсизлик хизматининг яна бир ходими Мансур Иддҳоу.

НАТО авиацияси қўзғолончилар кўмагида Сиртни ер юзидан деярли супуриб ташлаганди. Шаҳарда бутун бинолар қолмаганди. Қаззофий бошпанасини тўхтовсиз ўзгартириб турар, ейишга нима топса, ўша билан кун кечирарди.

«У ҳеч қаерга қўнғироқ қила олмас ёки ташқи дунё билан боғланолмасди. Бизда озиқ-овқат ва сув деярли йўқ эди. Санитария шароитлари даҳшатли эди», — дея Сиртдаги вазиятни тасвирлаган Дау.