Ўзбекистон | 13:47
656
2 дақиқада ўқилади

Апрел ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилинди

Президент қарорига кўра, 2026 йилда соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланади. Ҳужжатда ҳар йили апрел ойини “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилиш, шунингдек 2030 йилгача мўлжалланган “йўл харитаси” доирасида қатор илмий-маърифий лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган.

Фото: Kun.uz

Президентнинг 2026 йил 6 февралда қабул қилинган “Буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юбилей тадбирлари жорий йилда республика бўйлаб кенг қамровда ўтказилади.

Қарор билан ҳар йили апрел ойи “Амир Темур ойлиги” деб эълон қилиниб, унинг доирасида таълим муассасалари ва маҳаллаларда темуршунос олимлар, ёзувчи ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар ҳамда бадиий-маърифий тадбирлар ташкил этилиши назарда тутилган.

Шунингдек, 2030 йилгача мўлжалланган “йўл харитаси” тасдиқланиб, унда қуйидаги йўналишлар белгиланган:

  • 9–10 апрел кунлари Ислом цивилизацияси марказида “Амир Темур ва темурийлар тамаддунининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказиш;
  • “Темур тузуклари” асарининг илмий изоҳли матнини форс, араб, хитой, инглиз, француз, испан ва рус тилларида чоп этиш;
  • “Темурийлар даврининг 100 нодир қўлёзмаси” ва “Темурийлар даврининг 100 нодир дурдонаси” китоб-албомларини яратиш;
  • Темурийлар даври манбалари электрон платформасини ишлаб чиқиш.

Қарорда юбилей тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби ҳам тасдиқланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид