Бу Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида»ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қарор лойиҳасида белгиланган.
Стипендия давлат, нодавлат ва хорижий олий таълим ташкилотлари, шунингдек, қўшма таълим дастурларининг охирги икки курсида таҳсил олаётган талабаларга берилиши мумкин.
Талабгор аъло ўқиши, илмий ёки ижодий ишлар билан шуғулланиши, конференция ва танловларда иштирок этиши лозим бўлади. Шунингдек, Ўзбекистон тарихи, давлат тили ҳамда камида битта хорижий тилни билиши талаб этилмоқда.
Амир Темур номли стипендияга даъвогарнинг битирув малакавий иши Амир Темур ва темурийлар меросига бағишланган бўлиши ёки шу йўналишда камида иккита илмий иши эълон қилинган бўлиши таклиф этилган.
Лойиҳага мувофиқ, танловнинг кейинги босқичига тавсия этилган талабгорлар ҳужжатларини ҳар йили 5–15 сентябр кунлари my.edu.uz тизимига юклаши кўзда тутилган. Стипендия тайинлаш бўйича тавсияномаларни 5–25 октябр кунлари кўриб чиқиш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, номли давлат стипендияси соҳибларини бакалавриатни тугатганидан кейин бир йил ичида магистратуранинг кундузги таълим шаклига танловсиз, қўшимча давлат гранти асосида қабул қилиш таклиф қилинмоқда.
Мазкур тартиблар ҳозирча қарор лойиҳасида назарда тутилган.

















