Марказий Осиё тарихидаги йирик давлат арбоби Амир Темур шарафига у туғилган Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида музей-ёдгорлик мажмуаси барпо этилади.

Туман ҳокимлиги хабарига кўра, 7 август куни Фанлар академияси Темурийлар тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари доктори Хуршид Файзиев ва бошқа бир гуруҳ мутахассислар мажмуа қурилиши учун таклиф этилаётган ҳудудни кўздан кечирган, лойиҳа концепцияси, меъморий ечимлари ва амалга ошириш механизмларини муҳокама қилган.

Лойиҳага кўра, мажмуа марказида Амир Темур ҳайкали ўрнатилади. Унинг атрофида музей, кутубхона, мадраса, меҳмонхона, ҳунармандчилик ва заргарлик дўконлари, миллий таомлар маскани, истироҳат боғлари, фавворалар ҳамда тарихий услубдаги бош кириш аркаси барпо этилади.

Тошкент шаҳридан Яккабоғга борган мутахассислар таркибидан Темурийлар тарихи давлат музейи директори, тарих фанлари доктори Хуршид Файзиев; ушбу музей бўлим мудири Тўлқин Ҳайит; темуршунос, адиб ва журналист Ҳаким Сатторий; Тошкент Киме халқаро университети Тарих кафедраси мудири, тарих фанлари доктори, профессор Акбар Замонов; Фарғона давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Баҳриддин Усмонов; иқтисодиёт ва молия вазири маслаҳатчиси Обиддин Маҳмудов ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Азамат Жабборов ўрин олган.

Қайд этилишича, қурилажак мажмуа аҳоли, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун тарихий-маърифий ва туристик масканга айланиб, миллий меросни тарғиб қилиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва Яккабоғ туманининг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.