Фарғона шаҳридаги 66-сон давлат боғчасида 6 ёшли тарбияланувчи юқори кучланишли трансформатор пунктига йиқилиб, ток уриши оқибатида тана аъзолари куйиб кетди. Янги қурилган боғча ҳудудидаги ТП ертўлада жойлашган бўлиб, чуқурнинг усти тайинли ёпилмаган, атрофи тўсиқлар билан ўралмаган. Kun.uz мухбири воқеа тафсилотларини ўрганди.
18 феврал куни соат 10:00 лар атрофида Фарғона шаҳрида жойлашган 66-сон давлат боғчасининг 6 ёшли тарбияланувчиси А.Р боғча ҳудудида, ер остига ўрнатилган юқори кучланишли транформатор пунктига тушиб кетиши оқибатида жиддий жароҳат олиб, тана аъзолари куйиб кетган.

Таажжубланарли томони, боғча қуриб фойдаланишга топширилганига 2 йил бўлишига қарамай, инсон ҳаёти учун хавфли бўлган ертўла атрофи махсус тўсиқлар билан ўралмаган. Ертўла эшиги эса оддий целлофан пакет билан ёпиб қўйилган.

Бола ўйнаб бориб устига целлофан ташланган ертўла туйнугига қадам қўйиши билан, ичкарига тушиб кетган. Бахтсиз ҳодисадан кейингина хавфли ҳудуд атрофи дарҳол махсус панжаралар билан тўсилган.


Айни пайтда у шифохонада қолмоқда.
“Неварамнинг ўша кунги ҳолатини умуман тасаввур ҳам қилолмайсиз. Қўллари куйиб кетган, елкаларини, орқалари куйган, думбалари, асосий тана аъзолари ҳам куйган. Қандай қилиб мана шундай катта кучланиш токни олдида болаларни беэътибор қолдиришлари мумкин? Неварам боғчага қандай соғлом борган бўлса, қўлимизга ана шундай соғлом ҳолда қайтариб беришсин.

Бошлари ҳам ёрилган. Қўллари тинмай қалтираяпти, кўзи бир томонга тортяпти. Қандай қувноқ бола эди-я... Ҳар бир инсон ўз фарзандини ўрнига қўйиб кўрсин. Бола чидолмаяпти, иложи йўқ.
Мана шу панжараларни фалокат юз бергандан кейин болам йиқилгандан кейин, қўйишди. Мутасаддилар, ТПни қурган ташкилот нега хавфли жойни аввалроқ ўраб қўймаган? Ким жавоб беради?” – дейди болакайнинг бувиси Ҳаётхон Раҳимова.




















