Kun.uz «Imarat Development» атрофидаги воқеалар мисолида инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташанов ва блогер Умид Ғофуров билан қурилиш бозоридаги назоратсизлик, ишламаётган эскроу тизими, харидорларнинг ҳимояси, давлат идораларининг жавобгарлиги ва реклама қилаётган таниқли шахсларнинг масъулияти ҳақида суҳбатлашди.
«Қурилиш вазирлиги ўз вазифаларини бажара олмаяпти»
Абдураҳмон Ташанов:
— Бу ерда касаллик янги, лекин унинг сабаблари эски. Ҳукумат таркибида Қурилиш вазирлиги деган катта ташкилот бор, уни таъминлаш учун катта маблағ ажратилади. Аммо вазирлик ҳам, Вазирлар Маҳкамасининг шу соҳа учун масъул тузилмалари ҳам ўз вазифаларини бажара олмаяпти.
Бундан уч-тўрт йил олдин ҳам бу масала кўтарилган, ўшанда президент аралашиб, алоҳида фармон чиқарганди. 2025 йил 27 январдаги фармонда 2025 йил 1 июлдан бошлаб улуш киритиш асосидаги қурилишларда эскроу тизимига ўтиш ихтиёрий, 2026 йил 1 январдан эса мажбурий деб белгиланган эди. 2027 йил келяпти ҳамки, масала ҳамон тўлиқ ҳал этилгани йўқ.
Фармон ижроси учун масъул бўлган Қурилиш вазирлиги ва бошқа идоралар бу вазифани бажара олмаяпти. Натижада бозор назоратсиз қолмоқда. Унда чайқовчилар ҳам, уларнинг жабрланувчилари ҳам бор.
Истеъмолчилар ҳуқуқи билан боғлиқ масала деярли ҳеч кимни ташвишлантираётгани йўқ. Орада Imarat'га ўхшаган каттароқ балиқлар тўрга тушиб қоладиган бўлса, жамоатчилик ўртасида бир шов-шув бўлади, кейин об-ҳавога, ёки санъаткорларнинг шахсий ҳаёти муҳокамасига ўтиб кетамиз. Ваҳоланки, эскроу тизимига ўтишнинг ҳуқуқий асоси бор – фармон имзоланган, лекин уни амалга оширадиган ваколатли органнинг масъулияти ва иши аниқ кўринмаяпти.
«Харидорнинг пули қурувчининг чўнтагига тўғридан тўғри тушмаслиги керак»
Умид Ғофуров:
— Энг асосий муаммолардан бири ҳали қурилмаган уйларни сотиш ва харидорларнинг пули ҳимоясиз қолаётгани. Imarat мисолида ҳам, бошқа ҳолатларда ҳам бу муаммоларни кўриш мумкин. Мен бу ҳақда адашмасам олти йилдан бери гапириб келяпман. Кўп вазиятларда қурилиш техник талабларга жавоб бермайдиган ҳолатлар бор. Рекламани шундай чиройли қилишадики, кўрсангиз, гўё Дубайда яшайдигандек тасаввур пайдо бўлади. Қурилиш битгандан кейин рекламага ва тайёр уйга қарайсиз, бир-бирига тўғри келмайди. Масалан, қурилиш лойиҳасини шартномага илова қилиш керак. Уй айнан шу лойиҳа бўйича қурилиши шарт.
Мен бу масала бўйича бир неча марта Қурилиш инспекциясига ҳам борганман. Улар нима деганини биласизми? Қонун бўйича биноларнинг ташқи кўриниши 30 фоизгача ўзгариши мумкин экан. Бу нормал ҳолат эмиш. Қанақасига? Унда менинг пулимнинг ҳам 30 фоизини қайтариб беришсин. Демак, 30 фоизгача сифатсизроқ, хунукроқ, чала қурилган бўлиши мумкинми?
Қурувчи ерости ва ер усти автотураргоҳлари, болалар майдончалари, очиқ ҳудудлар ҳақида ваъдалар беради. Imarat рекламаларини ҳам кўрсангиз, қанча ваъдалар берилган. Одамлар шунга ишонади. Лекин буни назорат қилиш давлатнинг қўлида. Бунинг учун, аввало, шартномалардан бошлаш керак.
Қурилиш вазирлигининг сайтида шартнома бўйича намунавий тавсиялар бор. Лекин у тавсиявий бўлганидан кейин ҳеч ким унга амал қилмайди. Давлат минимал талабларни белгилаши керак: шартномада қандай шартлар бўлиши, пеня миқдори қанча бўлиши керак – булар аниқ белгиланиши лозим.
Энг асосийси, харидорнинг пули тўғридан тўғри унинг чўнтагидан қурувчининг чўнтагига ўтмаслиги керак. Тўлов бўлак-бўлак қилинсинми ёки яхлитми, фарқи йўқ. Пул ҳимояланган ҳисобда туриши керак. Чунки қурувчи пулни олгандан кейин ўз манфаатидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилиши мумкин. Масалан, ҳозир харидорга пулини қайтармаса, уйни битказишни бироз чўзса, кейин пулни қайтариб, ўша уйни қимматроқ нархда сотса, кўпроқ фойда олишини ўйлаши мумкин. Амалиётда шундай схемалар ҳам бор. Яъни уйни вақтида қуриш имкони бўлса ҳам, нархни ошириш учун жараённи чўзиш ҳолатлари учраши мумкин.
Бу ерда давлатнинг назорат қилиш имконияти бор. Қурилиш вазирлигида қанча одам ишлайди? Уларнинг вазифаси шундай жараёнларни назорат қилиш эмасми? Эскроу ҳисоблари ҳақида кўп гапириляпти, лекин амалиётга татбиқ этилмаяпти. Оддий машина сотиб олишда ҳам, иккиламчи уй-жой бозорида ҳам эскроу ҳисоблари ишлаяпти, аммо бирламчи бозорда ишламаяпти.
«Муаммо фақат қурувчида эмас, бутун тизимда»
Абдураҳмон Ташанов:
— Бу ерда гап давлатнинг қурилиш соҳасидаги сиёсатида камчилик борлиги ҳақида кетяпти. Ҳозир биз муаммонинг атрофини айланиб ўтяпмиз. Аслида эса асосий масала – қонунларни яхлит ижро этадиган тизимнинг ўзи йўқлигида. Масалан, бу соҳадаги сиёсатни ким олиб бориши керак? Бунинг ўзи чалкаш.
Иккинчи масала – юқорида назорат бўлмаганидан кейин қуйида коррупция учун шароит пайдо бўлади. Коррупция дегани фақат пора олиш эмас. У – уюшган қонунбузарлик ҳолати ҳамдир. Ҳозир ғазабимизни кўпроқ қурувчиларга қаратяпмиз. Лекин аслида уларнинг ўзлари ҳам шу тизимнинг жабрдийдаларидан бири бўлиши мумкин. Масалан, бозорга янги кириб келган айрим компаниялар тўрт-беш йилдан бери ҳужжат олиш учун сарсон бўлиб юрибди. Уйлари битган, одамлар яшаяпти, аммо керакли ҳужжатлари чиқмаяпти. Айни пайтда бозорда катта имкониятларга эга, танилган қурувчилар бор – уларнинг ишини тўхтатишга ёки лицензиясини бекор қилишга ҳеч кимнинг кучи етмаётгандек.
Айримлар ҳозир одамларга уй сотиб олмасликни маслаҳат беряпти. Лекин бу ечим эмас. Одамларга уй керак. Кимдир ўғлини уйлантирмоқчи, кимдир қизини узатмоқчи, кимдир оиласи билан алоҳида яшашни истайди. Аҳоли кўпайяпти, урбанизация жараёни кетяпти. Уй-жойга эҳтиёж бор экан, ҳукумат бу соҳада ишлаши керак. Ҳукуматни ишлатиш учун эса парламент бор. Парламентда фракция раҳбарлари ҳам ойлик олади, улар фақат ҳужжатларга имзо қўйиш билан чекланмасдан, шу муаммоларни кўтариши керак. Қурилиш вазирлигини чақириб, «Нега бу соҳадаги ҳолат шу даражага келиб қолди? Нега назорат қилмадингиз?» деб сўраши керак.
Шундай қурувчилар борки, уларнинг олдига қурилиш вазирининг ўзи ҳам кира олмайди, офисининг эшигини таққиллата олмайди, деган гаплар юради. Бу ҳам тизимдаги муаммолардан далолат беради.
«Қамоқни ҳам бизнес харажати сифатида ҳисоблайдиганлар бор»
Умид Ғофуров:
— Айрим қурувчилар учун жиноий жавобгарлик ҳам тўсиқ бўлмай қоляпти. Чунки улар қурилишни бошлашдан олдиноқ қанча пул йиғиши, қанчасини турли харажатларга сарфлаши ва ҳатто қамоқ жазосини ўтаб чиққандан кейин ҳам қанча маблағ ўзида қолишини ҳисоблаб қўйиши мумкин. Мулкни ўз номига эмас, яқинларининг номига расмийлаштириш орқали жавобгарликдан қочиш эҳтимоли ҳам бор.
Тасаввур қилинг, бир тадбиркор қурилишни бошлаб, одамлардан миллионлаб доллар йиғади. Кейин лойиҳа бажарилмайди, харидорлар уйсиз ва пулисиз қолади. Тадбиркор эса жазони ўтаб чиқишни ҳам олдиндан ҳисоб-китобининг бир қисми сифатида кўради. Бу ачинарли, ҳатто кулгили туюладиган ҳолат. Аммо аслида жуда жиддий муаммо: агар қонунбузарликдан олинадиган фойда жазо хавфидан устун бўлса, жазонинг ўзи бундай ҳолатларни тўхтата олмайди.
Шунинг учун фақат айрим қурувчиларни жазолаш билан чекланиб бўлмайди. Қонунбузарлик орқали бойлик орттириш ва жавобгарликдан қочиш имконини бераётган тизим ўзгариши керак. Бўлмаса, бир тадбиркор жазоланади, унинг ўрнига бошқаси келади, харидорлар эса яна ўша муаммога дуч келаверади.
Суҳбатда, шунингдек, янги қурилишларнинг эски коммуникацияларга уланиши, биноларнинг зилзилабардошлиги устидан мустақил назорат, блогерларнинг қурилиш компаниялари рекламасидаги масъулияти ва парламентнинг бу борадаги назорат вазифаси ҳақида ҳам фикр юритилди. Батафсил Kun.uz YouTube каналида, кўрсатувнинг тўлиқ версиясида томоша қилишингиз мумкин.











